Мудофаа вазирлиги спорт клубида вазирлик қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи аёллар ўртасида спорт спартакиадаси бўлиб ўтди.
Спортнинг 7 тури бўйича ўтказилган мусобақаларда жами 15 та жамоа, 200 нафарга яқин спортсевар аёл ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Спартакиаданинг биринчи кунида шахмат, шашка, сузиш ва стол тенниси бўйича ғолиблар аниқланди. Сузиш мусобақасида Мудофаа вазирлиги Марказий алоқа тугуни ходими сержант Ю. Кельдишева ғолибликни қўлга киритди. Стол тенниси бўйича финалда Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти вакили кичик сержант А. Ҳабибова Қуролли Кучлар академияси сержанти Ф. Исмаиловадан устун келиб, ғалаба қозонди.

Шашка мусобақасида кичик сержант М. Рахмонова биринчиликка эришган бўлса, шахмат доналарини суришда кичик сержант Р.Гарашенко ғолибликни қўлга киритди.
Чирчиқ дала ўқув майдонида ўтказилган отиш мусобақаси қизғин тусда ўтди. Унда Макаров пистолети қуролидан отиш бўйича сержант З.Валихонова, Калашников автомати қуролидан отишда эса кичик сержант Ш.Хўжақулова бошқалардан мерганроқ бўлиб чиқди.
Волейбол мусобақасини томошабинлар ҳам айрича ҳаяжон билан кузатишди. Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ва Марказий алоқа тугунидан таркиб топган жамоа Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари вакилларига қарши куч синашди. Ушбу мусобақада Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари аёлларидан иборат жамоа бир неча йиллардан буён ғолибликни қўлдан бой бермай келаётган гуруҳни енгиб, ғолибликни қўлга киритдилар.

Натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Қуролли Кучлар академияси вакиллари 1-, Мудофаа вазирлиги марказий аппарати ва Марказий алоқа тугуни жамоаси 2-, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти номидан қатнашган аёллар 3-ўринга сазовор бўлдилар.
Ғолибларга ҳарбий оркестр садолари остида ташкилий қўмита томонидан фахрий ёрлиқ, медаллар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.






