Миср пойтахти Қоҳирадаги темирйўл станциясида локомотив платформага келиб урилиши оқибатида ёниб кетди, дея хабар берди РИА Новости нашри.
Олинган энг сўнгги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 50 дан кўпроқ киши жароҳат олган. Қоҳира марказида жойлашган Рамзес вокзалидаги ушбу ҳолат ҳақида қарама-қарши маълумотлар бор. Айрим хабарларга қараганда,фожиага иккита тепловоз машинистлари ўртасидаги можаро сабаб бўлган. Платформага урилган локомотив машинисти унинг йўлини тўсган бошқа тепловоз машинисти билан гаплашиб олиш учун ўз тепловозини тарк этган. Таъкидланишича, машинист тепловознинг двигателини ишчи ҳолатда қолдирган ва тормозга қўймаган. Яна айрим манбалар эса машинист ичкарида бўлганини ва ёнғинда ҳалок бўлганини таъкидлашмоқда.






