Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жорий йилнинг 1-3 март кунлари “Chimgan-Extreme“ тоғ чанғи фестивали ўтказилади.
Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти маълум қилди. Маълумки, Тошкент вилоятида туризмнинг экстремал ва тоғ туризми йўналишлари бўйича қулай муҳит мавжуд. Чанғи, сноубординг, параплан ва делтопланда учиш, велоспорт, мотоспорт каби спорт турларини ривожлантириш учун табиий шароитлар етарли. Айни пайтда вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Хабарда қайд этилишича, чанғи фестивали Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш қўмитаси, Экстремал ва тоғ туризми федерацияси, вилоят ҳокимлиги, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида туманнинг Чимён ҳудудида ўтказилади.






