Андижон шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” акциядорлик жамиятига қарашли иситиш қозонининг портлаши натижасида юз берган ҳолат оқибатида 18 нафар ўқувчи енгил ва ўрта даражада тан жароҳати олганини аввал хабар қилган эдик.
"Халқ сўзи" нашри мухбири воқеа жойига бориб, вазиятни яқиндан ўрганди, жабрланганлар, гувоҳлар ҳамда мутасаддилар билан суҳбатлашди.

— Бўлимимиз марказий поликлиниканинг орқа томонида жойлашган. Кириш фақат бир томонлама. Хонамда ўтирганимда гумбурлаган овоз эшитилди. Ташқарига чиққанимда ойналар синган экан, тиббий кўрикдан ўтаётган болалар чўчиб кетганини кўрдим. Ҳамкасбларим билан уларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Жароҳат олганларни, барча беморларни шошилинч тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига юбордик, — дейди поликлиника фтизиатрия бўлими мудири Дилшодбек Халилов.



Бундан ташқари, поликлиникада бўлган яна 10 нафар мурожаат қилганларга қабулхонада амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилган. Айни пайтда тегишли ташкилотлар томонидан текширув, суриштирув ишлари давом этмоқда.

— Бугун соат 11:00 лар чамасида марказимизга марказий поликлиникада юз берган ҳодиса натижасида 18 нафар бемор олиб келинган, — дейди Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази вилоят филиали бош врачи Азизбек Мамадиев. — Беморларнинг уч нафари ўрта даражада тан жароҳати олган. Улар нейрореанимация бўлимига ётқизилган. Бири оёқ, иккинчиси елка қисмида жароҳати борлиги учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қолган 14 нафарининг тан жароҳати енгил, аксарият болалар қўрқиб кетган.
Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги пайтда нейротравматология бўлимига ётқизилган. Беморларнинг барчаси шифокорларнинг доимий назоратида, белгиланган тартибда муолажалар қилинмоқда.






