АсосийJamiyat

​32.572.363 сўмни "гум" қилган солиқчи

'​32.572.363 сўмни "гум" қилган солиқчи'ning rasmi

Омонатни сақлаб, вақтида қайтариш кишининг ризқини зиёда қилади. Омонатга хиёнат қилиш эса қашшоқлик келтиради. Бироқ бу ҳақиқатни англамай, нафсига қул бўладиганлар ҳам топилади...

Судланувчи 27 ёшли Д.М. 2013 йил сентябрдан 2018 йил июлга қадар Фарғона туман ДСИ Жисмоний шахсларга солиқ маъмуриятчилиги бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишлаган. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, одамларнинг ишончни суиистеъмол қилган. Унга хизмат юзасидан Фарғона тумани Оқбилол қишлоғи ҳудудида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан ойлик даромад солиқлари ва шу ҳудудда яшовчи фуқаролардан ер ва мулк солиқларини йиғиш вазифаси юклатилган. Бироқ Д.М. хизмат мавқеидан фойдаланиб, якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқароларни алдаб, жами 32.572.363 сўм пулларни ўзлаштиради. Квитанцияларга бу шахслардан тўлов учун пул олинганлиги ҳақида сохта ёзув киритиб, ҳужжатни қалбакилаштириб, пулни ўз эҳтиёжига сарфлайди.

"ПУЛ ЗАРУР БЎЛГАНИ УЧУН..."

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

— Менга Фарғона тумани “Оқбилол” МФЙ ҳудуди бириктирилган. Участка солиқ инспектори лавозимида ишлаган

вақтимда шу ҳудудда яшовчи фуқаролар ер-мулк солиғи ва якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғини менга тўлаб кетишган. Қабул қилиб олган пулларимни банкка топшириб, олинган тўлов квитанцияларини уларга олиб бориб берганман. 2016 йилда фуқаролар ва тадбиркорлардан қабул қилиб олган пулларимнинг бир қисмини кейинчалик ўрнини қоплайман, деб ўз эҳтиёжларим учун сарфлаганман. 2016 йилдан 2018 йил июнга қадар пул зарур бўлиб қолганди. Пулларнинг бир қисмини банк орқали тўловни амалга ошириб, тўлов квитанцияларини фуқароларга берганман. Фуқаролар ва тадбиркорлардан қабул қилинган пулларни сарфлаётган вақтимда, бу пуллар кимга тегишли эканини ёзиб бормаганман. Пулларни кимлардан олганим ва қанчасини сарфлаганимни аниқ билмайман. 2018 йил июнда Оқбилол қишлоғи ҳудудида

яшовчи тадбиркорлар менга қўнғироқ қилиб, Фарғона туман МИБдан ходимлар келиб даромад солиғидан қарз эканини айтишаётганини билдирди. Мен тўлаган тўловларни тўғрилаб қўйишимни уқтиришди. Шунда Фарғона туман мажбурий ижро бўлимига бориб, якка тартибдаги тадбиркорлар Г. Муталибова, З. Бобоевнинг даромад солиғи учун 4.500.000 сўм тўладим. Эртасига мени Департаментнинг Фарғона туман бўлими бошлиғи хизмат хонасига чақиртирди. “Оқбилол” МФЙ ҳудудида яшовчи тадбиркорлар ариза билан мурожаат қилганини айтди. Ҳолат бўйича тушунтириш хати олишди. Тафтишда жами 73 нафар фуқаро ва тадбиркорлардан жами 32.572.363 сўм пуллар олиниб, банкка топширилмагани аниқланди. Пулларни олганимни тан оламан, қилмишидан пушаймонман. Моддий зарарни тўлиқ қоплаганман.

Фаррух АБДУРАИМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди раиси:

— М.Д.га ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б, в” бандлари билан ЖКнинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил муддатга солиқ идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари миқдорида, яъни 15.501.600 сўм жарима жазоси тайинланди.

ЖК 228-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. ЖК 59-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 2 йил муддатга солиқ идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, яъни 17.224.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар