АсосийJamiyat

Кечаги ва бугунги Мирзачўл

'Кечаги ва бугунги Мирзачўл 'ning rasmi

Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сайёр сессияси 22 февраль куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл тумани Гагарин шаҳарчасида ўтказилди. “Жиззах: 2019 йилнинг устувор вазифалари, янги қиёфа, бунёдкорлик ва масъулият” мавзусига бағишланган мазкур сессияда туман ҳокимлари, вазирлар, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Президент ташрифидан 22 кун ўтиб...

Шу йилнинг 30-31 январь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташрифи давомида Мирзачўл тумани Ғалаба маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ишларни кўздан кечирган эди. Жумладан, “Ғалаба” маҳалласидаги барак ва кўримсиз уйлар ўрнида 400 та намунавий лойиҳалар бўйича 4 сотих майдондаги ер участкасида барпо этилган бир қаватли икки ва уч хонали уйлар, оилавий поликлиника, тикувчилик мажмуаси, мактабгача таълим муассасаси, қабристон сингари янги қиёфа касб этган объектларни бориб кўрган эди. Орадан 22 кун ўтиб, Халқаро Пресс-клуб сессияси иштирокчилари ҳам ушбу тумандаги бунёдкорликка гувоҳ бўлишди. Унда туман ҳокимлари ҳамда вазирлар ўтган йилда қилинган ишлар ва жорий йилда кўзда тутилган режалар билан ўртоқлашишди.

Комил ХОЛМУРОДОВ, Мирзачўл тумани ҳокими:

— “Обод қишлоқ” дастури бўйича Мирзачўл қайта қурилади, дейилган кундан бошлаб дастурни қўлимга олиб кўрганимда, бундай қисқа муддатда уни амалга оширишга, рости, кўзим етмаганди. Бугун туманимизга келаётган меҳмонлар бизга дастлаб шу саволни беришяпти: “Бу ишлар неча йилда бўлди?” Биз уларга: “7 ой давомида бўлди” десак, ишонишмаяпти. Шахсан мен халқ катта куч эканлигини Мирзачўлга келиб кўрдим. Биз қисқа муддатда Гагаринни қайта барпо этдик. Яхши яшашга бўлган мажбурият бизни ишлашга ундади. Очиғи, туманда бир неча йиллардан бери янги лойиҳаларга қўл урилмаганди. Мана, 2019-2020 йилларда 1 трлн. 125 млрд. сўмлик лойиҳалар босқичма-босқич амалга ошириладиган бўлди. Эндиги асосий вазифаларимиз бу — иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш. Муҳими, одамларимизда боқимандалик кайфиятини йўқ қилишга эришяпмиз. Шаҳардаги ўзгаришлар уларда масъулият ҳиссини уйғотиб, олдинга интилишга ундамоқда.

Шерзод ШЕРМАТОВ, Халқ таълими вазири:

Ўқитувчилар ортиқча юкламалардан халос этилиб, ойлик маошлари оширилгандан кейин Жиззахнинг ўзида 1000 га яқин эркак ўқитувчилар, 2000 га яқин олий маълумотли ўқитувчилар мактабларга қайтди. Шу пайтгача ўрта махсус маълумотига эга бўлганлар ҳам ҳам дарс берарди. Лекин бу таълим сифатининг пасайишига олиб келди. Энди вазифамиз таълим сифатини яхшилашдир. Мактаб дегани бу – фақат тўрт девор эмас. Биз чет тилларидан дарс берадиган ва олий маълумотли ўқитувчиларни олиб келишимиз керак.

Алишер ШОДМОНОВ, Соғлиқни сақлаш вазири:

—Ўтган бир ярим йил ичида вилоятда 25 та янги қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилди, 14 таси таъмирланди, 606 та тез ёрдам, 16 та реанимобиль автомобиллари олиб берилди. Дори дармонга 22 млрд. маблағ ажратилди. Касалликларнинг олдини олиш бўйича амалий ишлар бошланган. Масалан, бўқоқ, камқонлик, қон босими ошиши касалликларини олдини олиш учун бир неча дори воситалари аҳолига бепул тарқатилмоқда. 2019 йилда тиббиётга 570 млрд. маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу маблағларга янги тиббиёт марказлари, шифохоналар қуриш кўзда тутилган. Дунёдаги энг яхши касалхоналар филиаллари ҳам Жиззахда очилади. Ҳозирда бу борада Туркия ва Жанубий Корея мамлакатлари билан музокаралар олиб бориляпти. Қисқа айтганда, тиббиёт учун бу йил Жиззах йили бўлади.

Мирзачўл намунаси

Қайд этилишича, Мирзачўл туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиника мамлакатимизда намунали кўп тармоқли марказий поликлиника сифатида иш бошлаган. 1976 йилда қурилган бу поликлиника биноси шу кунга қадар капитал таъмирланмаган эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида муассаса учун янги бино қурилди. 250 қатновга мўлжалланган поликлиникага 5 млрд. 400 млн. сўм маблағ ажратилди ва 5 ой ичида қуриб битказилди. 100 дан зиёд иш ўрни яратилди.

Поликлиникамизда жарроҳ, педиатр, УТТ шифокори, стоматолог, терапевт, ЛОР, офтальмолог, травматолог, невропатолог, психиатр каби мутахассислар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда, - дейди поликлиника мудири Сайдулло ҲИММАТОВ. – Лекин тор доирадаги мутахассис-шифокорлар - гастроэнтеролог, травматолог, уролог, нефрологлар етишмайди. Бу борада тарғибот ишлари олиб бориляпти, ишга келадиганларга қулай шароитлар яратилади, уй-жой билан таъминланади. Поликлиника замонавий тиббий жиҳозлар - УТТ аппарати, рақамли рентген, ЭКГ, стоматологик жамланма, аудометр каби тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Аёллар маслаҳатхонаси, кундузги стационар, ижтимоий дорихона фаолияти ҳам йўлга қўйилган.

“Ишлаган аёлларни кўрсак ҳавас қилардик”

Мирзачўл туманининг табиий бойликлари мавжуд эмас. Шу боис туман, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Узоқ йиллар мобайнида бу ерда ишсизлик оғриқли муаммолардан бўлиб келган. Президент ташаббуси билан катта бўлмаган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, аҳолига иш ўринлари яратилди. Шундай корхоналардан бири ўтган йилнинг баҳорида иш бошлаган “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”дир. Мажмуада жами 468 нафар ходим ишлайди, улардан 178 нафари аёллардир. Улар дастлаб “Тадбиркор аёл” уюшмаси кўмагида тикувчилик касбига қайта тайёрланди. Ҳозирда “Ўзбекпахтасаноат” тизимидаги ва бошқа корхоналарга шартнома асосида махсус кийимлар тикиб беришмоқда.

“Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”нинг яна 4 та туманда – Арнасой, Пахтакор, Дўстлик ва Зафарободда филиаллари ташкил қилинган. Уларда 500 яқин хотин-қизлар иш билан таъминланган. Мажмуа 2019 йилда яна 15 минга яқин аёлларни иш билан таъминлашни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.

Ҳозирда туман хотин-қизларининг ҳаётида катта ўзгаришларни, мамнунликни, хурсандликни кўриш мумкин. Улар билан суҳбатлашсангиз, аввал бундай шароитларни фақат орзу қилганликларини, эндиликда ушбу орзулари рўёбини кўраётганликларини кўп такрорлашади. Шундай аёллардан бири Набира ОМОНОВА.

Ўн икки йилдан бери барак уйда, битта хонада фарзандларим билан яшаб келдик, шароитлари йўқ эди. Мана бугунга келиб бизга янги уй-жойлар қуриб берилди. Бир аёл учун керак бўладиган ҳамма шароитларимиз бор. Аввал намунали уйларни кўрсак, биз ҳам шунақа уйларда яшармиканмиз, деб орзу қилардик. Устига устак ишсиз эдик. Ишлаган аёлларни кўрсак ҳавас қилардик. Янги тикувчилик мажмуаси очилгач, ишли бўлдик. Ҳозир бекорчи вақтимиз йўқ, ишга борамиз, ишдан келамиз... Фарзандларимиз эса боғчада, мактабда. Бизга шундай шарт-шароитлар яратиб берилганидан беҳад хурсандмиз.

— Янги намунали уйлар аҳолига 20 йил муддатга, 7 фоизли, имтиёз даври 4 йиллик бўлган кредитлар асосида топширилди, - дейди Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира МУХТОРОВА.Янги уй эгалари иш билан таъминланди, даромад манбалари шакллантирилди ва янги уйлари учун кредит маблағларини тўлашга имконият яратилди. Жумладан, 160 дан зиёд аёл-қиз туманда иш бошлаган тикувчилик мажмуасига жойлаштирилди. Бу ерда улар ўртача 650-700 мингдан 1 млн.гача ва ундан юқори ойлик маош олиш, бундан маълум қисмини кредитга сарфлаб, бошқа эҳтиёжларига ҳам орттириш имконига эга бўлди.

Қабристон ҳам обод бўлди

Мирзачўл туманидаги “Кўк терак” қабристони 1969 йилда барпо этилган. Қишлоқ фуқаролар раиси Ихтиёр ХОЛБОЕВнинг айтишича, қабристон иккига бўлинган, яъни мусулмонлар ва христианлар қабристони ҳисобланади. 2018 йилнинг апрель ойида бу ерда катта ободонлаштириш ишлари бошланди. Икки ой мобайнида қаровсиз қолган қабрлар текисланди, ҳудуд тозаланди. Қабристонга олиб келувчи 6 км.лик йўл асфальт қилинди.

Бугун 49 мингдан зиёд аҳолиси бўлган Мирзачўл гулистонга айланди, янги қиёфа касб этди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Мирзачўлда қилинган ишлар яхши тажриба, намуна бўлди. Энди Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани марказини шу тарзда обод қилиш, зарур қурилиш-таъмирлаш ишларини шу йилнинг ўзида якунлаш керак.

Муниса АЛИЕВА тайёрлади

Тошкент-Жиззах-Тошкент

Фото: Халқаро Пресс-клуб

    Бошқа янгиликлар