АсосийJamiyat

Тошкент вилоятида намунавий уйлар қурилишида қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент вилоятида намунавий лойиҳа асосида қуриладиган уй-жойлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда қатор қонун бузилиши ҳолатлари кузатилгани аниқланди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.

Бунга «Ilhom Kapital» МЧЖ директори Анвар Ҳошимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва «Media Progress» МЧЖ директори Нозим Баҳромовларни мисол келтириш мумкин. Бу жамият раҳбарлари «Қишлоққурилишинвест» ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали томонидан намунавий уй-жой қуриш юзасидан ўтказилган тендерларни ўзаро келишув ва сохтакорлик йўли билан қўлга киритиб келганлар.

Хусусан, «Ilhom Kapital» МЧЖ директори Анвар Ҳошимов «Қишлоққурилишинвест» ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали мансабдорлари ва бошқа шахслар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Тошкент вилояти Қибрай тумани, «Янгиобод» ҚФЙ «Алишер­обод» массивида намунавий лойиҳа асосида қуриладиган 14 та уй-жойларни қурилиш объэкти учун бош пудратчи сифатида вилоят танлов комиссиясининг сохта йиғилиш баённомасига эга бўлади.

Ана шундай сохта ҳужжатлар асносида «Ilhom Kapital» МЧЖ ва «Қишлоққурилиш­инвест» ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали ўртасида жами 1 млрд. 416 млн. 330 минг сўмлик шартнома тузилади. Белгиланган ҳудудда қурилиш ишлари бошлангач, «Ilhom Kapital» МЧЖ директори А. Ҳошимов қоғозда қўшиб ёзишни бошлади. Бунда бажарилган ишлар тўғрисидаги маълумотномалар, ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритилди. Бу ёзувлар қоғозда гўёки иссиқ ва совуқ сув, ички пардозлаш, эшик, ҳожатхона, пол сингари ишлар учунлиги кўрсатилди.

Ўз навбатида, мазкур ёзувлар расмийлаштирилиши ор­қасидан «Ilhom Kapital» МЧЖ ҳисоб рақамига 118 млн. 68 минг сўм маблағ келиб тушди. А. Хошимов бундан ил­ҳомланиб, яна қалбаки баённома билан юқоридаги манзилда 10 та намунавий лойиҳадаги уй-жойни 1 млрд. 239 млн. 900 минг сўмга қуриб топшириш шарти билан ғолиб бўлди.

Бу сафар қурилиш майдонида А. Ҳошимов томонидан ҳақиқатда 637 млн. 194 минг сўмлик ишлар бажарилди. Қўшиб ёзиш орқали эса 423 млн. 532 минг сўм маблағ ўзлаштирилди. Бундан ташқари, А. Ҳошимов «Ilhom Kapital» МЧЖга «Media Progress» МЧЖ директори Н. Баҳромов томонидан гўёки қурилиш материаллари етказиб берилганлигини кўрсатиб, 54 млн. сўм пул маблағларини ўтказиб, ўзлаштирганликлари ҳам маълум бўлди. Суд А. Ҳошимов ва бош­қаларга ўзининг одилона ҳукмини ўқиди.

    Бошқа янгиликлар