Сурхондарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида, 2019 йил 1 январдан эътиборан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва янгиликлар билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларига 2019 йил 1 апрелга қадар ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ихтиёрий равишда расмийлаштирса, аввалги ҳисобот даврларида ходимлар сонини яширганлик учун солиқларни қўшимча ҳисоблашдан озод қилиниши бўйича ҳам кенг тушунчалар берилмоқда.
Хуфёна иқтисодиётга барҳам бериш, аҳолининг реал даромадларини ошириш, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида солиқ солиш тартибига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
- Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг амалдаги 4 та поғонали ставкалари ўрнига ягона 12 фоизлик ставка белгиланди;
- Пенсия жамғармасига 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди;
- Ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 ва 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Натижада, иш ҳақи фондига солиқ юки ўртача 1,8 маротабага камайиб, ходимларнинг иш ҳақини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш имконияти юзага келди.
-Жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида 50 нафар норасмий ишлаётган ишчи-ходимлар билан меҳнат шартномаси туздик, - дейди “Саодатбону Азиза Термиз” хусусий корхонаси иш юритувчиси Фурқат Сафаров. Ўтган йили 75 миллиард сўмлик қурилиш ишларини бажарган бўлсак, 2019 йилда иш ҳажмини икки баробарга оширишни режалаштирганмиз.
Олиб борилаётган кенг миқёсли тушунтириш ишлари натижасида Сурхондарё вилоятида 2019 йилнинг ўтган вақти давомида 453 та корхонанинг 1019 нафар норасмий ишлаётган ишчи-ходимлари фаолияти қонунийлаштирилди.
Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси






