Бугун, 20 февраль куни Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаб бошлиқлари ҳамда АҚШ Қуролли Кучлари ЦЕНТКОМ қўмондони генерал Жозеф Вотел Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясига ташриф буюриб, у ерда курсантлар ва тингловчиларга яратилган шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, эртага «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бўлиб ўтади. Бугун эса Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев Қозоғистон ҳамда АҚШ делегацияси раҳбаларини қабул қилди, улар ўртасида икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Меҳмонлар Академия фаолияти, машғулот хоналарида ташкил этилган замонавий педагогик таълим тизими, моделлаштириш ва симуляция, ахборот-коммуникация технологиялари, курсантларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди. Хориж давлатларининг олий ҳарбий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, видео конференцияларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритилди.

«Мамлакатларимиз олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, малакали кадрларни етиштириб чиқишда барчамизга бирдек манфаатли ҳисобланади. Ҳарбий соҳада ўзаро тажриба алмашиш минтақада тинчликни таъминлашнинг устувор вазифаларидан биридир», — дейди Ўзбекистон мудофаа вазири ўринбосари, Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов.
Шундан сўнг, Академия музейи бўйлаб саёҳат уюштирилди. У ердан ўрин олган тарихий экспонатлар барчада бирдек қизиқиш уйғотди. Ташриф иштирокчилари томонидан берилган саволларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмади.








