Хоразм вилоят судида ўтган очиқ суд мажлисида гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган ва бангихона ташкил этган гуруҳ аъзоларига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўктам, Жавлон ва Мансур (исмлари ўзгартирилган) исмли шахслар, бир гуруҳ бўлиб гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиш йўлига кирадилар. Жумладан, судланувчи Ўктам Самарқанд вилоятида яшовчи Мансур билан келишган ҳолда, ундан ҳар бир грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини 250.000 сўмдан ҳисоблаб, 8.88 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги “опий” гиёҳвандлик воситасини 400 АҚШ долларига сотиб олиб, Самарқанд вилоятидан йўловчи машинада Хоразм вилоятига олиб келиб, Жавлонга сотган.
Жавлон шу вақтнинг ўзида гиёҳвандлик моддасини олиб, ўзининг яшаб келаётган уйининг меҳмонхонасида гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш учун бангихона ташкил қилган.
Суд ҳукми билан судланувчи Ўктамга 7 йил, Жавлонга 8 йил ва Мансурга 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди.
Шунингдек, судланувчи Мансур муқаддам ўта оғир жинояти учун 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганлиги ва судланганлик муддати ўтмасдан яна ўта оғир жиноят содир этганлиги сабабли Жиноят Кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, 2018 йил давомида жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жами 162 нафар шахсга нисбатан 108 та жиноят иши кўриб чиқилган.






