АсосийShou-biznes

“Сурхон”: “Маҳмуд Намозов ҳақида 14 йиллик фикримиз ўзгармади”

“Сурхон” гуруҳи билан суҳбатимиз тонги соат 9:00 га белгиланди. Тўғриси, одатда хонандалар билан куннинг биринчи ярмида учрашиб суҳбат қуриш анча муаммо!  Суҳбат гуруҳнинг офисига белгиланди. Эшикдан киришим билан Тўлқин ака “Меҳмон келди, ошни ҳаракатини қилинг!” деса, Илҳом ака ўриндиқни кўрсатиб “тўрга — кўрпачага ўтинг” дея ҳазил қилишди. Суҳбатимиз мана шундай кайфиятда бошланди ва маълум нуқталарда жиддийлашди ҳам...

— “Сурхон” гуруҳи фаолиятини қайсидир маънода нолдан бошлади. Босиб ўтилган йўлни яна қайтадан юриш малол келмадими?

Илҳом Маматалиев: Йўқ, малол келмади. Чунки йигитлар билан янги йўлдан юрдик ва қайсидир маънода кўзлаган мақсадимизга ҳам эришдик.

— Илҳом ака айтган “эришиш” даражасини қандай белгиласак бўлади?

Аркадий Мам: — Санъатда эришганингизни маълум рақамлар билан исботлаб беролмайсиз. Лекин вазиятга ҳамиша имконият нуқтаи-назаридан ёндашган маъқул. Олдимизга қўйган катта мақсадларимиз бор. Режа асосида ўша томонга қараб кетяпмиз. Бирданига катта ютуқларга эришиб бўлмайди. Майдонда ўзингизни чин маънода исботлашингиз учун йиллар керак бўлади.

— Дастлабки паллаларда ташқаридан билдирилган  ишонч сизлар учун етарлимиди?

Одилжон Каримов: — Албатта, ҳеч кимда ҳатто ўзимизда ҳам юз фоиз ишонч бўлмаган. Тан олиш керак,  қандайдир хавотирлар бўлгани рост. Аммо юқорида Аркадий  ака айтганидек, йиллар давомида имкониятларимизни очишга ҳаракат қилдик. Масаланинг яна бир томони, биз ўша пайтда майдонда тасодифан пайдо бўлмадик ёки тажрибасиз ҳам эмасдик. Ҳар биримизда санъат ҳақида фикр ҳам, тажриба ҳам бор эди. Айнан шу ҳолат бизнинг ютуғимиз бўлди.

Тўлқин Файзиев: — Ишонч ўзаро ҳамкорликда ривож топади. Гуруҳда тўртта йигитмиз, лекин ҳаммамизнинг ижод масаласида якдиллигимиз бор. Шу сабаб кетма-кет қўшиқлар, концертлар ташкил қилдик.

— Қўшиқлар, концерт дастурлари, реклама... Ўзини оқладими?

И.М.: — Албатта,  қилинган ҳар бир ҳаракат мевасини беради. Бугун биз 15 тилда қўшиқ куйлай оламиз, республикамизнинг чекка ҳудудларида концертлар бердик, тингловчиларимиз бор.

О.К.: — Агар ижодингизда танаффус қилсангиз, унинг ўрнини тўлдириш учун яна маълум даврни қайтадан яшаб ўтишга тўғри келади. Шу сабаб кетма-кетлик муҳим. Лекин сифат ва талаб масаласини ёддан чиқармаймиз.

— Фикримча, рекламага эътиборни кўп қаратасиз? Натижа сиз кутгандек бўляптими?

М.А.: Нафақат шоу-бизнес, балки бизнес олами истайсизми ё йўқ рекламага таянади. Натижага келсак, бошқаларга билинмас, аммо бизнинг назаримизда етарлича бўляпти.

О.К.: Бизнинг хатти-ҳаракатларимиз кимдандир кучлимиз ё биз зўрмиз, деган фикрдаги ижодга қаратилмаган. Реклама ўзимиз, ижодимиз учун! Шунинг учун натижаси ҳам ўзимизга кўпроқ сезилади. Ҳар бир ижодкор халққа ҳисобот беришга мажбур. Бу концертларимизда, сотувга чиққан альбомларда акс этади.

— Бугун “Сурхон”нинг ўз репертуари шаклландими?

О.К.: — Таниш-билишлардан “репертуарингиз бойибди, яхши қўшиқларингиз бор”, деган эътирофларни кўп эшитяпмиз. Аммо бу фикрлар “бизда репертуар шаклланди”, деган хулосани туғдирмайди. Изланиш ҳеч қачон зарар қилмайди.

И.М.: Ижодда кўнгилнинг тўлиши қийин. Ютуқ ҳам, камчилик ҳам албатта ўзимиз учун маълум бўлади.

О.К.: Репертуаримизга қайси қўшиқ керак, қандай услуб кўпроқ маъқуллиги устида кўп баҳслашамиз ва бир қарорга келамиз. Хуллас, ҳали репертуаримиз шаклланди, деёлмаймиз, аммо ўз қўшиқларимиз бор.

— “Бир ёқадан тўртта бош”... Қулайлигидан мураккаблиги кўпроқдир?

О.К.: — Тўғри! Чунки ҳар биримизни шахс сифатида ўз қарашларимиз бор.

М.А.: Мураккаб эмас, жуда мураккаб!

И.М.: 15 йилдан бери бир-биримизни биламиз. Гуруҳда ҳамманинг зиммасида белгиланган масъулият бор. Ҳар ким ўз чекига тушганини самимий бажаради.

— Профессионал санъат “тўйбоп” қўшиқларнинг соясида қолиб кетаяпти? Сизнинг ижодингизда бу ҳолатнинг сояси сезиладими?

О.К.: Албатта талабга қараб ижод қиламиз. Лекин савиясизлик билан эмас.

М.А.: Яхши қўшиқ, деган тушунча бугун бироз ўзгарган. Муҳими, санъаткор албатта ўз “позиция”сини сақлаб қолиши керак.

Т.Ф.: Яна бир ҳолат — тўй эгаларининг савияси ҳам бу ерда муҳим! Ҳар бир одам ўз дунёқарашига қараб санъаткор танлайди. Ана ўша жараёнда “тўйбоплик” ва профессионаллик аниқ кўринади.

И.М.: Бугун тўйхонада чиройли йигит ва қиз микрафон тутиб, бемалол фонограммани “ураётгани” ачинарли. Кулгилиси, улар умуман қўшиқ айтишни билмайди. Шунчаки, чиройли ва тайёр қўшиққа оғиз қимирлатиб пулини олиб кетади.

М.А.: Яна бир ҳайрон қоларли жиҳати: уларнинг ҳар куни тўйи бор!

И.М.: Яқинда бир танишим тўй қилди, бир нечта гуруҳни сўрашди. У сўраган гуруҳларни биз танимадик. Мана шундай ҳолатлар тўйга нисбатан муносабатни ўзгача шакллантиряпти. Ваҳоланки, халқнинг орасида ҳақиқий баҳо олинади.

М.А.: - Бирор машҳур хонанданинг  қўшиғига биттаси оғзини қимирлатиб турганини оддий тингловчи ҳам ажрата олади. Аммо бир манекен оғзини қимирлатиб турганига ҳеч эътироз билдирмайди.

О.К.: Саволга қайтсак, агар ижоднинг маълум қонун-қоидаларига тўғри ёндошилмаса, тушунмовчиликлар кўпаяверади. Тўйбоп қўшиқ албатта рақсга тушадиган бўлиши керак, деган қарашнинг ўзи нотўғри.

— Ижодда бамаслаҳат иш юритасиз. Лекин моддий масалалар бор. Яъни, бир бутун нон тўртга бўлинади...

О.К.: — Бир-биримиз билан анча йиллардан буён биргамиз. Демак, бу борада келишиш биз учун мураккаб эмас. 

И.М.: — Сиз айтаётган бўлакни биз бутун, деб қабул қиламиз. Ана ўшанда муаммога ҳожат қолмайди.  

— “Сурхон”га “пиар” керакми?

О.К.: — Бизга  шахсий “пиар”лар керак эмас! Ижод нуқтаи-назаридан бўлса, ўйлаб, лозим топсак қабул қиламиз. Аммо меъёридан ўтган, кимнидир шахсиятига тегадиган ҳолатларни оқламаймиз.

— Ташқарида Маҳмуд Намозов ва “Сурхон” гуруҳи муносабатларининг таҳлили давом этаётгандек, назаримда. Нима деб ўйлайсиз, мавзу эскирмадимикан?

И.М.: Муносабатларимиз ҳақида ёзаётганлар ҳамиша ёмон томонларни излашади. Лекин бир ҳақиқат Маҳмуд ака ҳақида 2000 йилда қандай фикрда бўлсак, ҳамон шундай...

О.К.: Бу вақт билан боғлиқ жараён. Ўртамизда муаммо ва гиналар учун асос йўқ.

М.А.: Баъзида хизматда “Маҳмуд ака қани?” деб сўраб қолишади. Ахир беш йилдан буён алоҳида ижод қилаётганимиз ойдек равшан-ку! Одамларга қандайдир ғийбатлар кераклигидан хафа бўламан. Ҳар бир одамни ўз хоҳиш-истаги бор. Масалага шундай ёндошилса турли талқинларга ўрин қолмайди.

О.К.: — Афсуски, ҳамма ҳам вазиятни тўғри таҳлил эта олмайди ва ҳар бир одамга муносабатлар ҳақида ахборот бериб бўлмайди. Айтганингиздек, бу мавзуга бошқа қайтилмаса яхши бўларди.

Кимдир ҳақида бир оғиз сўз айтиш ақлли одам учун осон бўлмайди. Гуруҳ йигитлари билан “ниқоб”сиз суҳбатлашишга интилдик. Ҳақиқат шуки, эътибор бор жойда эътироз, ютуқлар бор ерда камчилик бўлади. Муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳам муносабатлардаги ойдинлик ва самимият! Бу борада “Сурхон” гуруҳига ҳавас қилса бўлади.

Севдо НИЁЗОВА суҳбатлашди.

Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар