АсосийJamiyat

Ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдоси, гиёҳвандлик муҳокама қилинди

ННТларнинг давлат органлари билан ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдоси, гиёҳвандликнинг олдини олиш соҳасида ижтимоий шериклиги билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, дея хабар беради jz.uz портали.

Жиззах шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси, вилоят ҳокимлиги ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида “Ёшлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдоси, кашандалик, алкоголизм ва гиёҳвандликнинг олдини олиш борасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва вазифалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда, Хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни-сақлаш, халқ таълими, меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш бошқармалари ходимлари, одам савдосига қарши курашиш ҳудудий идоралараро комиссияси, нодавлат нотижорат ташкилотлар, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек,  ННТлар  соғлом, баркамол авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратишга кўмаклашиб келмокда. Хусусан бу жараёнда, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари учун яратиб берилаётган имкониятлар боис, уларнинг роли янада ошяпти. Маълумки, 2011 йилда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари  истеъмол қилиниши ва тарқалишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад аҳоли, айниқса ёшларни алкоголь ва тамаки маҳсулотлар истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришдан иборат.

Йиғилишда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳамда одам савдосига қарши курашишда ННТлар фаоллигини оширишга асосий эътибор қаратилиб, ноқонуний меҳнат миграцияси, одам савдоси, гиёҳвандликка қарши кураш, алкоголизм ва кашандаликнинг олдини олишда турли  лойиҳалар ва дастурларни амалга ошираётган ННТ вакиллари маърузалари билан қатнашди. Бундан ташқари, кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва унинг натижалари муҳокама қилинди ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ҳамкорликдаги таклифлар  ишлаб чиқилди .

    Бошқа янгиликлар