АсосийJamiyat

“Infolib – 2014” учинчи миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги иш бошлади

Пойтахтимизда “Infolib – 2014” учинчи миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги иш бошлади, дея хабар беради ЎзА.
Тадбир Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг замонавий билим эгаллаши, маънавиятини бойитиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга катта эътибор берилаётганини таъкидлади.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бунинг ёрқин тасдиғидир. Ҳафталик ёшларнинг мустақил ахборот олишга қизиқишини кучайтириш, уларни янги ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий, ўқув-бадиий адабиётлар билан батафсил таништиришга хизмат қилмоқда.
“Infolib – 2014” ҳафталиги доирасида билимлар куни, турли танловлар, қизиқарли учрашув ва давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар, кўргазма ва фильмлар намойиши ташкил этилади. Таниқли ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, санъаткорлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирокида учрашувлар бўлиб ўтади, чет эллик мутахассислар иштирокида хорижий тиллар куни ташкил қилинади.
– Ҳар йили ўтказилаётган миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини оширишга кўмаклашмоқда, – дейди Тошкентдаги Гёте институти директори Ю.Ханский. – Эътиборли жиҳати шундаки, ҳафталик доирасида ўтказиладиган семинар ва тренингларга кўплаб хорижий мутахассислар жалб этилаётгани халқаро даражада ахборот алмашиш имконини бераётир.
“Infolib – 2014” ҳафталиги ёшларга адабиёт, мусиқа, ахборот-коммуникация технологиялари, тасвирий санъат соҳасида қўшимча билим олиш, уларнинг ижодий қобилиятини аниқлашга ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини яхшилаш, уларда илғор технологиялар ва тажрибани жорий этиш, оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. 

    Бошқа янгиликлар