Пойтахтимизда “Ҳамкорбанк” ҳамда Голландия Тараққиёт банки (FMO) ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида имзоланган шартномаларнинг истиқболдаги моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар беради ЎзА.
«Ҳамкорбанк» бошқаруви раиси Олмахон Тўражонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит шакллантирилиб, инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилувчи имтиёзлар тизими, жумладан, кафолат ва преференциялар яратилганини таъкидлади.
Мамлакатимизда кейинги йилларда хорижий ҳамкорлар иштирокида 4,2 мингта корхона ташкил этилди. Бу чет эл инвесторларининг иқтисодиётимизга қизиқиши ва ишончи ошаётганидан далолатдир.
«Ҳамкорбанк» Голландия Тараққиёт банки билан 2010 йилдан ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, 2012 йилнинг декабрида улар ўртасида 9 миллион АҚШ долларига тенг кредит шартномаси имзоланган. 2014 йилда яна 4 миллион доллар миқдорида кредит ажратилди. Натижада “Ҳамкорбанк” ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган йигирмадан ортиқ лойиҳани молиялаштирди.
Голландия Тараққиёт банки кўрсатаётган техник ёрдам “Ҳамкорбанк”нинг ресурс базасини кенгайтириш билан бирга халқаро тажрибани жорий қилишда ҳам кўмаклашади.
– 2010 йилда Халқаро молия корпорацияси “Ҳамкорбанк”нинг 15 фоизли акциясини харид қилди, – дейди банк департаменти директори Азиза Иброҳимова. – Бу эса “Ҳамкорбанк”нинг хорижий капитал иштирокидаги банк мақомига эга бўлишини таъминлади.
28.10.2014 08:25





