АсосийJamiyat

Обид Асомовга мухлиси раддия билдирди

'Обид Асомовга мухлиси раддия билдирди'ning rasmi

Обид Асомовга ёшлигида мухлис бўлган Шухрат Юсупов қизиқчининг яқинда айрим нашрларда берилган интервьюсига раддия билдирди:

"Авваламбор, Сизга соғлиқ-саломатлик ва оилавий хотиржамлик тилайман! Кўп йиллик ўзбек қизиқчилик санъатидаги қилган меҳнатларингизни қадрлайман! Жуда унақа жаҳон саҳналарига чиқмаган бўлсангиз ҳам ҳар ҳолда, Россия саҳнасига чиқдингиз! Озми, кўпми, у ерда ҳам мухлис орттиргандирсиз. Ҳар қалай, чиқишларингизни олқишлаган ўрус халқини кўрганман. Бу машаққатли хизматларингиз таҳсинга сазовордир!

Лекин, ''Кўр ҳассасини бир марта йўқотади'' деган мақол бор халқимизда. Шу мақолга амал қилсангиз яхши бўлар эди. Ўзи биринчи марта ўзбек халқини ўрус диёрида кулгуга олганингизда бир марта Сизга зарба бўлган эди. Иккинчи марта Сизга имконият берилиб турганда яна ''ҳасса''нгизни йўқотиб қўймасангиз яхши бўлар эди.

Аслида ўзбекни кулгуга олмасдан туриб, ўрус халқини кулдира олмаслигингиз кўпчиликка аён бўлган. Нима қилардингиз яна халқингизга мазғава ағдариб?

#1_иқтибос:
''Сўнгги пайтларда одамлар инжиқ, ҳазилни тушинишмайдиган, ҳамма жойдан хато қидирадиган бўлиб қолишган. Нотўғри гапириш бу ўз миллатингни ҳафа қилиш дегани эмас, бу ҳазилнинг безаги-ку. Усиз ҳазил бўлмайди.''

Аслида сўнгги пайтларда одамлар инжиқ бўлиб қолмаган. Аксинча, Сиз каби аксарият қизиқчиларнинг кулдириш услуби ва кулгу мавзусидан зериккан. Сиз йўқлигингизда Сиздан беш бадтарлари чиқдики, бачканалик бўйича Сиздан ҳам ўтиб кетди. Миллатни камситиш эвазига ҳазил қилиб бўлмаса бундай чиркин хазилни бу миллатга умуман кераги йўқ! Тўтиқуш боққан минг афзал ундан кўра!

#2_иқтибос:
Агар ҳазилни миллатидан келиб чиқиб баҳолашганда Чарли Чаплин, Мистер Бинлар бўлмас эди, бу шунчаки образ.
Чарли Чаплин миллатини камситибдими? Мистер Бин миллатини бошқа миллатга яна айнан, миллатининг устидан бир пайтлар ҳукмрон бўлган миллатга мазах қилдирибдими?

Ўзи ўруслар 100 йилдан зиёд устимиздан кулиб келгани, ўзбек миллатига паст назар билан қарагани ва айнан шу сабабдан Сизнинг ўзбек деган миллатни мавзу қилиб олиб чиқишингизда ўрусларни кулдириш жуда осонлигини билгансиз! Сиз билгандингиз, сиз сезгандингиз, сиз кутгандингиз!
Дарвоқе, Мистер Бин ва Чарли Чаплин деярли гарирмасдан кулдирган. Қани бир кўрайликчи гапирмасдан кулдиришингизни?!.
Кулдира олсангиз ўша заҳоти Сиздан кечирим сўрайман, ёзганларим учун!

Узрку-я, даврингиз ўтиб, аскиянгизга хеч ким кулмай қўйса, баҳонани одамларга юкламанг!

''Сўнгги пайтларда одамлар инжиқ, ҳазилни тушинишмайдиган'' деган фикрингизга кўп эмас, бир донагина факт келтираман: Вафот этганига ўн йил бўлган бўлса ҳам, нимага одамлар ҳали ҳам Ҳожибой Тожибоевни аскияларига инжиқлик қилмаётганини таҳлил қилинг! Шу етади сизга!"

    Бошқа янгиликлар