27 - 30 ноябрь кунлари Тошкентда “Made in Uzbekistan” биринчи экспорт кўргазма ярмаркаси бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазма аввалгиларидан фарқ қилиб, мутлақо янги форматда ташкил қилинган. Унда мамлакатимизнинг экспортга мўлжалланган маҳсулотлари намойиш этилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
Кўргазмада 150 дан ортиқ маҳаллий корхоналар билан бир қаторда ўзининг экспортга мўлжалланган маҳсулотларини "GM Uzbekistan" компанияси ҳам тақдим этди.
Бугунги кунда компания олти моделдаги автомобилларини хорижга экспорт қилади: "Damas", "Labo", "Ravon" бренди остида "R2", "Nexia R3", "R4" ва "Gentra". Йил бошидан буён компания томонидан 5 мингга яқин автомобиллар МДҲ ва Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилинди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда "GM Uzbekistan" компанияси экспорт учун янги бозорларни ўзлаштириш ҳамда янги нархларда экспорт қилиш устида иш олиб бормоқда.
Кўргазма доирасида ташриф буюрувчиларга янги “Uzavtosavdo“ платформаси орқали автомобил харид қилиш тартиблари тушунтирилди.






