Грузияда президент сайлови бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Сайлов комиссиясининг тақдим этган маълумотига кўра, мустақил номзод Саломе Зурабишвили 59,56 % овоз тўплаб ғалабага эришди. Натижалар бўйича унга энг яқин келган номзод Григол Вашадзе 40,44% овоз тўплашга муваффақ бўлган.
Бу Грузияда бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи босқичи эди. Унда Зурабишвили учун 1,1 миллион сайловчилар, Вашадзе учун эса — 780 минг киши овоз берган. Дастлабки ҳисобга кўра, сайловда 56,23% сайловчилар иштирок этган.
Грузияда президент 6 йил мамлакатни бошқаради. Бу мамлакатда ўтказилган энг сўнгги умумхалқ сайлови бўлади. Кейинги президент 300 нафар депутат томонидан сайланади.
Янги президент инаугурацияси 16 декабрь куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун: Зурабишвили 1952 йил 18 мартда Франциянинг Париж шаҳрида грузиялик сиёсий эмигрантлар оиласида туғилган. 30 йилдан ортиқ у Франция Ташқи ишлар вазирлигида фаолият олиб борди.
йилдан 2005 йилгача Грузия ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келган. 2005 йилнинг ноябрь ойида Зурабишвили "Грузия йўли" мухолиф партиясини тузган. Беш йил ўтиб, 2010 йилда у Грузия сиёсатидан кетишини маълум қилган.
Саломе Зурабишвили 2013 йилда ҳам Грузия президентлигига номзодини қўйган, аммо унинг иккита фуқаролиги бўлганлиги учун (Франция ва Грузия) марказий сайлов комиссияси унинг номзодини рўйхатга олмаган.






