Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари М. Истамов мамлакатимизга ташриф буюрган Тожикистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Холикзода Абдуманнон Ғаффор бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Учрашув 2018 йил 18 августдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ташкил этилди.
Томонлар адлия соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга ошириш, адлия идоралари, нотариуслар ва адвокатлар фаолиятини ташкил этиш, юридик кадрлар тайёрлаш ва алмашиш, шунингдек, малакасини ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболларига доир масалаларни муҳокама қилди.
М. Истамов вазирликнинг қонунчилик, нотариат, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқий тарбия ва аҳолини амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан қонунчилик базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ва изчил чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилишга оид фаолияти ҳақида маълумот берди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари томонидан вазирлик фаолияти, унинг вазифа ва функциялари тақдимоти ўтказилди.
Конструктив ва хайрихоҳлик руҳида ўтган учрашувда А. Холикзода Ўзбекистон Республикасидаги қонун устуворлиги, адлия, нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура институти соҳаларидаги ижобий ўзгариш ва ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги делегациясининг ташрифи 1 декабрга қадар давом этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раҳбарияти билан учрашувлардан ташқари, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига ташрифлар кўзда тутилган. Меҳмонлар Бухоро шаҳрининг Давлат хизматлари маркази, Самарқанд шаҳридаги 3-сонли давлат нотариал идораси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишадилар.






