Бугунги кунда жамиятимизнинг ҳар бир бўғинида спорт ва жисмоний тарбияга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, турли ташкилотларда уюштирилаётган мусобақалар, эришилаётган ютуқлар бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2018 йил 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Танинг соғлом – ёруғ олам” спорт тадбири ташкил этилди.
Айтиш жоизки, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Фируза Миркамолованинг ташаббуси биланкорхонада ходимларнинг иш вақти давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. Эндиликда ишчи-ходимлар ҳар куни мунтазам равишда “Танинг соғлом – ёруғ олам” шиори остида соғломлаштириш гимнастикаси билан шуғулланишмоқда.

Зеро, соғлом вужуд – соғлом ақл демакдир. Соғлом ходимгина корхона манфаати йўлида ўзини фойдали ишларга сафарбар этади. Бунинг учун, албатта, корхона ишчи-ходимлари учун ишлаб чиқариш гимнастикаси фойдадан ҳоли бўлмайди.
Шунингдек, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Касаба уюшмаси томонидан йилда ўтказиб келинаётган корхона бўлимлари ўртасида бир қатор спорт турлари бўйича ўтказиб келинаётган спартакида ҳам ишчи-ходимларнинг соғлом турмуш тарзига оид тушунча ва билимларини янада кенгайтириб, юртимизда спорт ва жисмоний тарбияга оид ислоҳотларни уларнинг онгига сингишида ўзига хос дастак бўлмоқда.






