Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларда талаба ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этиб келяпти.
Мазкур жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректорлари учун ташкил этилган ўқув-семинарнинг 2-куни ҳам фойдали ва қизиқарли маърузаларга, қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар а турли муҳокамаларга бой бўлди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари кенгаши, етакчилари, факультет ва гуруҳ етакчилари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзуида маъруза қилди.
- Ёшлар билан ишлаш бўйича проректорларнинг ўнг қўли – бу етакчи. Проректор факулътет, гуруҳ етакчиларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, бир жамоа бўлиб, яхши маънода, уларни қаттиқ ишлата олса, бу меҳнатларнинг самараси тез кўзга кўринади. Биз эндиликда университетдаги бошланғич ташкилотларнинг рейтингини белгилаш механизмини ишлаб чиқмоқчимиз. Бу етакчиларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга яхши таъсир кўрсатади, шунингдек, муассаса раҳбарияти томонидан бошланғич ташкилотга берилаётган кўмак ва қўллаб-қувватлашнинг ҳам маълум маънодаги мезони бўлади, – деди у ўз нутқида.
Тингловчилар мавзу доирасида ўз фикрларини, таклифларини билдиришди.
- Менинг фикримча, университет бошланғич ташкилотлари иқтисодий эркин, ўз маблағига эга бўлиши керак. Чунки фақат дебат, дилеммалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас. Ҳисобида маблағи бор бошланғич ташкилоти катта лойиҳаларга қўрқмасдан қўл ура олади, – деди Ислом Каримов номидаги Техника университети проректори.
Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов эса ўз маърузасида олий таълим тизимига “устоз – шогирд” амалиётини жорий этиш масаласига тўхталиб ўтди.
- Отто фон Бисмарк айтган экан, “Кимки, бугун мактаб қуришга пулни тежаса, эртага турмаларни қуради”. Албатта, бу сўзларнинг туб моҳияти таълим-тарбияни кучайтиришга қаратилган. Бугунги кунда профессор ўқитувчиларнинг борлиги бу университетнинг бойлиги. Улар олтин тўла сандиқ. Худди шундай устозлардан билим олаётган шогирд уларнинг ҳаётий тажрибасини ҳам ўрганиб борган ҳолда, нафақат таълим олади, тарбияланади ҳам. “Устоз-шогирд” анъанаси университетларимизда қайсидир маънода сақланган. Энди эса “устоз-шогирд” амалиётини жорий этишни тезлаштириш керак, – деди у ўз сўзида.
Семинарда Олий таълим муассасаларида интернет майдонлари, wi-fi зоналарини ташкил этишнинг самарали усуллари ҳамда ижтимоий тармоқларда хавфсизлик масалалари хусусида ҳам алоҳида фикрлар илгари сурилди.
Сўнгра талабаларнинг ОТМ ҳудудида телефон орқали интернетдан фойдаланишига рухсат бериш керакми, деган савол ўртага ташланди.
Ҳар бир проректор бу саволга шахсий жавобини, фикрларини билдирди.
Семинар давомида тингловчилар ўз вазифаларининг мамлакатимиз тақдири, унинг жадал тараққиёти учун қай даражада аҳамиятли эканлигини тушуниб бормоқдалар.
Ўқув-семинар ўз ишини эртага якунлайди.
Гўзал Охунова






