АсосийJamiyat

“Тил, тараққиёт ва маънавият” - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 25 йил бўлди

Ёшлар ижод саройида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 25 йиллигига бағишлаб “Тил, тараққиёт ва маънавият” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, санъаткорлар, талабалар иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида она тилимизнинг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга пухта замин яратиши билан бирга мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳурмат қилинишида муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Истиқлол йилларида юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби она тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бораётгани бунинг яққол далилидир.
Япониялик талаба Юна Хирота Токио чет тиллар университетини тамомлаб, Тошкент давлат шарқшунослик институтида ўзбек тилини мукаммал ўрганмоқда.
– Мактабда ўқиб юрган кезларимда Ўзбекистон, унинг қадимий тарихи, буюк алломалари ҳақида илк тасаввурга эга бўлганман, – дейди Ю.Хирота. – Бу мафтункор диёрга, унинг жозибали тилига, тарихига, бой маънавиятига бўлган қизиқиш мени юртингизга оҳанрабодек тортди. Ўқишни тамомлаб, Токио университетида ўзбек тилидан дарс бериш ниятидаман.

Тадбирда юртимиз ва хорижлик талабалар мумтоз шеъриятимиздан намуналарни ўқиб бердилар. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар, болалар бадиий жамоалари иштирокида концерт намойиш этилди.

* * *
Шу куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ҳам “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун муносабати билан «Она тилим – жон тилим» мавзусида маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда таъкидланганидек, истиқлол йилларида навқирон авлодни миллий анаъана ва қадриятларимиз, она тилимизга эҳтиром руҳида камол топтиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек адабий тили равнақини буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг беназир ижоди, илмий-маърифий фаолиятидан айри тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур зиё масканида ўзбек тилининг тараққиёт босқичларига оид кўплаб нодир асарлар, қўлёзмалар, тилшуносликка доир китоблар, аудио материаллар сақланади.
Тадбир доирасида ўзбек тилшунослигига оид китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

uza.uz

    Бошқа янгиликлар