Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси томонидан республика давлат чегарасини бузишга уринганлар қўлга олинди, дея хабар беради podrobno.uz қўмита маълумотларига таянган ҳолда.
Маълумотда таъкидланишича, 2014 йилнинг 13 октябр куни Фарғона вилоятининг Сўх тумани Мулгон аҳоли яшаш пунктида туманда яшовчи фуқаронинг уйидан ноқонуний моллар ортилган “Мерседес-Бенц” машинаси (давлат рақами Z 68-48 А) топилган ва икки нафар Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. Қамчибек Имарбеков (1984 йилда туғилган) ва Ойбек Караматовлар (1983) деярли 24 миллион сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларни олиб чиқиб кетишга уринган.
Бундан ташқари, 15 октябр куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Ҳожиқўрғон аҳоли яшаш пунктида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини Қозоғистондан бузиб ўтган яна уч нафар Қирғизистон фуқаролари қўлга олинган.
Юқоридаги қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўрсатилган тартибда чоралар кўрилади.





