Бир неча кун олдин Белгиянинг Соғлиқни сақлаш вазири этиб 52 ёшли Мэгги де Блок тайинланганди. Бироқ иш фаолиятининг илк кунлариданоқ у омманинг ортиқча вазн борасидаги танқидига учрамоқда. Айтиш лозимки, Мэгги де Блокнинг оғирлиги 128 килограммни ташкил этади. Одамларнинг сўзларига кўра, ортиқча вазндан азият чекадиган инсон соғлом ҳаёт тарзини олиб борувчи шахс сифатида атрофдагиларга намуна бўла олмайди.
Мэгги де Блок Белгияда таниқли сиёсатчилардан ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангач, баъзи ОАВ вакиллари унинг спорт ва соғлом овқатланишни тарғиб этиш вазифасини эплай олишига шубҳа билан қарашларини айтишганди. Ушбу мамлакат учун эса бундай тарғибот ишлари муҳимлиги айтилмоқда, сабаби статистик маълумотлар бўйича аҳолининг 47 фоиз ортиқча вазн муаммосидан азият чекади.
Бироқ Блок хоним бу каби фикрларга қўл силтамоқда. Унга шундай дегувчиларга “Менинг ташқи кўринишимга қараб баҳо берманг, мен модель эмас, сиёсатчиман”, - дея эътироз билдиради.





