АсосийShou-biznes

"Камалак юлдузлари-2014" болалар ижодиёти фестивалининг тошкент шаҳар босқичи бошланди

Шу йилнинг 15-17 октябрь кунлари Ўзбекистон давлат консерваторияси биносида “Камалак юлдузлари-2014” болалар ижодиёти фестивалининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтади. Унда туман босқичларида ғолиб бўлган 410 нафар болалар ўзаро беллашади.

Уч кун давомида иштирокчилар ўз иқтидорларини ҳакамлар ва оммага намойиш этадилар. Ғолибларни тақдирлаш ва гала-концерт эса 17 октябрь куни Ёшлар ижод саройида ўтказилади.

Эл орасида танилган, тажрибали ва юқори малакали мутахассислар, давлат мукофотлари ва бошқа унвонларга сазовор бўлган санъаткорлар, рассом ҳамда ҳунармандлар, хореографлар, шоир ва ёзувчилардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни қуйидаги 6 йўналиш бўйича баҳолашади:

                “А” йўналиши — фортепиано, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари;

                “В” йўналиши — миллий ва академик ижро, эстрада, фольклор ва хор гуруҳлари;

                “С” йўналиши — плекторли, камонли, дамли ва зарбли халқ чолғу асбоблари;

                “D” йўналиши — миллий, балл ва замонавий рақслар;

                “Е” йўналиши — тасвирий (графика, ранг-тасвир, ҳайкалтарошлик) ва амалий санъат (зардўзлик, дўппидўзлик, қуроқчилик, гиламдўзлик, қўғирчоқчилик, каштачилик, гобелень, батик, наққошлик, ганчкорлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик, кандакорлик, тоштарошлик);

              “Ғ” йўналиши — насрий (эртак, ҳикоя, қисса, роман) назм асарлари ( шеър, ғазал, достон).

Жорий йилда бутун республикамиздан 36 минг киши, Тошкент шаҳридан эса 5 минг 800 нафар ўғил-қиз фестивалда иштирок этиш истагида ариза топширган.

“Камалак юлдузлари-2014” болалар ижодиёти фестивали “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилмоқда. Унда 6 дан 14 ёшгача бўлган болалар ўз иқтидорини бутун мамлакатга намоён қилиш имконига эга бўлади.

    Бошқа янгиликлар