1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги тизимида юридик кадрларни тарбиялаб келаётган профессор-ўқитувчилар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда адлия органлари ва муассасалари вакиллари, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети, академик лицей ва юридик коллежларнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирда адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқиб, таълим соҳасида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар, бу жараёнда юридик таълимга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Ҳозирда вазирлик тасарруфидаги юридик таълим муассасаларида 1000 га яқин педагог ходимлар меҳнат қилиб келмоқда. Улар орасида 1 нафар академик, 22 нафар профессор, 23 нафар фан доктори ва 67 нафар фалсафа доктори бор. Мазкур рақамлар юридик таълимнинг юқори сифати ва юксак салоҳиятидан далолатдир.
Президентимизнинг жорий йилда қабул қилинган адлия органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир фармон ва қарорларига мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида 14 юридик коллеж ташкил этилди. Мазкур коллежларнинг энг намунали битирувчилари ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилинади.
Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ташкил этилди, унда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида ишлаш ҳуқуқини берадиган олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди.
Тадбирда ёшлар тарбиясида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган профессор-ўқитувчи ва ходимлар адлия вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.






