АсосийMadaniyat

Парижда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтмоқда

'Парижда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтмоқда'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига қиладиган расмий ташрифи муносабати билан Францияда 26 сентябрдан 10 октябргача Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари ташкил этилган. Шу билан бирга Париж мода ҳафталиги, дунёнинг йирик авто концерни BMW кўргазмаси, Top Rese-2018 халкаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтмокда.

Учта йирик кўргазма ва Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари давом этаётган бир пайтда ЎзЭОАВМАнинг ижодий жамоаси Парижда тасвирга олиш жараёнлари билан банд. Профессионаллардан иборат жамоа "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасидаги навбатдаги фильм устида ишлаяпти. Фильм "Ўзбекистон маданий мероси Лувр тўпламларида" деб номланади. Уни тасвирга олиш учун ижодий жамоамиз музейнинг ислом маданияти коллекцияси сақланадиган залларига кирди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу фондларга шу пайтга қадар ҳеч ким кира олмаган. Журналист Шаҳноза Ғаниева муаллифлигидаги фильмда сиз ана шу хазинани кўришингиз ва улар ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасида 30 га яқин ҳужжатли фильм тайёрланган. Мазкур фильмлар Россия (Санкт-Петербург, Москва), Германия (Берлин, Дрезден, Лейпциг), Чехия (Прага), Буюк Британия (Лондон, Оксфорд, Кембридж) музейларида сақланаётган моддий ва маданий меросимиз, уларнинг яратилиши ва Ўзбекистондан олиб кетилиши тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, 3 октябр куни "Маданий мерос - Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўприк" мавзусида халқаро илмий медиа-ивент бўлиб ўтади. Унда Франциянинг энг йирик музей, кутубхона ва илмий муассасаларнинг раҳбарлари, шарқшунос олимлар қатнашиши кутилмоқда.

Шу билан бирга май ойида Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конгрессда бутун дунё шарқшунос олимлари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон маданиятини ўрганиш буйича дунё ҳамжамиятининг биринчи кенгаши ўтказилади.

Тадбирда Франция миллий кутубхонаси, Лувр музейи, Гимн музейига лойиҳа доирасида чоп этилган китоб альбомлар ва “Катта Лангар Қуръони”, “Девони Ҳусайний”, “Равзат-уссафо”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Зафарнома” каби қадимий кулёзмаларнинг факсимиле нусхалари беғараз туҳфа қилинади.

    Бошқа янгиликлар