Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда аудиоёзув тарқалди. Унда 3-синф ўқувчисининг онаси томонидан ёзилгани айтилаётган аудиода нотаниш аёл суратга олиб қўйиш баҳонасида икки ўқувчи қизни машинага чақиргани ҳақида сўз боради.
Аудиода айтилишича, бу ҳолат Яшнобод туманидаги 166-мактабда юз берган.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ахборот текшириб чиқилганини маълум қилди. Барча ички ишлар органлари ходимларидан шу каби мурожаат бўлгани сўралган, мактаб атрофида ўрнатилган кузатув камералари текширилган, мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилган. Натижада бундай ҳодиса юз бермагани аниқланган.
Бундан ташқари ушбу мактаб директори учинчи синф ўқувчилари орасида Арина ва Эля исмли қизлар ўқимаслигини таъкидлаган.
Ота-оналар билан суҳбат давомида ушбу аудиони Тelegram’даги гуруҳларга тарқатган икки она аниқланган. Улардан бири ушбу аудио Россия Федерациясининг Астрахан шаҳрида яшовчи танишидан, иккинчиси Сергели туманида яшовчи ўртоғидан келганини айтган.
Тошкент шаҳар ИИББ шу каби ҳолатлар юзасидан аҳолига мурожаат қилиб, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалган ҳар қандай хабарга ишонавермасликка ва ушбу маълумотларга ўзидан янги ҳолатларни қўшиб уни ҳақиқатдек тарқатмасликка чақирган. Ҳамда доимий огоҳлик ҳеч қачон зарар қилмаслигини таъкидлаб ўтган.






