Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27-28 сентябрь кунлари Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида бўладиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Душанбега жўнаб кетди.
Душанбеда ушбу саммитга юқори даражада тайёргарлик кўрилган. Саммитда МДҲ мамлакатлари ўртасида турли соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Президентининг Душанбега ташрифи дастуридан икки томонлама қатор учрашувлар ўтказиш ҳам ўрин олган.
ЎзА хабарига кўра, айни пайтда Душанбе кўчалари байрамона безатилган, МДҲ мамлакатлари байроқлари шаҳар кўркига ўзгача кўрк бағишламоқда.









