АсосийJamiyat

Ўзбекистонлик кулол Гран-при соҳиби бўлди

2014 йилнинг 17—21 сентябрь кунлари Португалия пойтахти Лиссабонда «Вера» 8-Халқаро тасвирий санъат фестивалида Португалия, Россия, Украина, Чехия, Исроил, Франция, Германия, Озарбойжон, Туркия, Австрия, Эрон ва Ўзбекистон каби давлат вакиллари қатнашди. Унда ушбу давлатлардан ташриф буюрган 87 нафар рассом иштирок этди.

Ушбу нуфузли фестивалда Ғиждувонлик ҳамюртимиз Алишер Нарзуллаев кулолчилик йўналишида Гран-при соҳиби бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бадиий Академияси матбуот маркази хабар берди.

Мамлакатимизнинг энг таниқли кулолларидан бири бўлмиш Алишер Нарзуллаев қатор мукофотлар совриндори. У 1953 йилда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида дунёга келган. Алишер Нарзуллаев “Офарин”, “Ташаббус - 98” конкурслари ғолиби, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Тико” автомашинаси билан тақдирланган.

У «Халқаро уста» сертификатига эга. Сертификат ЮНЕСКО Бош директори Федерико Майор томонидан шахсан тақдим этилган. 2002 йилда Алишер Нарзуллаев «Ўзбекистон Халқ устаси» унвонини қўлга киритган, 2003 йилда эса Ўзбекистон Бадиий Академияси академигига айланган.

 

    Бошқа янгиликлар