АсосийJamiyat

Тошкентда Ахборот-коммуникация технологиялари миллий саммити бўлиб ўтди

Тошкентда “АКТ-саммит – 2014” ахборот-коммуникация технологиялари миллий саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда uza.uz нашри хабар беради.

“InfoCOM – 2014” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасидаги ушбу саммит мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги муҳим воқеалардан бири саналади.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори 2013-2020 йилларда мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини ривожлантириш стратегиясини белгилашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Хуршид Мирзоҳидов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий мувофиқлаштирувчиси ва БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ахборот соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоқларига жорий этишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Саммит Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаши, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлари уюшмаси ҳамда “ICTNEWS” нашри ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир миллий ва халқаро экспертларда йил сайин тобора катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда мамлакатимиз ва Жанубий Корея, Япония, Эстония, Беларусь, Чехия, Кипр каби давлатлардан 500 дан зиёд делегат иштирок этди.

    Бошқа янгиликлар