Лойиҳанинг навбатдаги қаҳрамони таниқли бастакор, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, "Дўстлик" ордени соҳибаси, бастакорлар уюшмаси кенгаш аъзоси ва Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг эстрада хонандалиги кафедраси мудираси, профессор Дилором ОМОНУЛЛАЕВА. Бу ижодкорнинг “очиқ хат”и бугунги шоу-бизнес вакилларини ҳурсанд қилади, деёлмаймиз...
“Бастакорлик бу — ҳунармадлик эмас!”
Бастакорлик бу — касб эмас, ҳаёт тарзи. Чунки у Худо томонидан юқтирилган бўлади. Ёшлигидан санъат муҳитида вояга етиб, энг муҳими, мактаб ва устоз кўрган кишигина профессионал бастакор бўла олади. Бастакорликка ҳаётингизни бағишлаб, истеъдодингизни ривожлантиришингиз керак, боиси у фидоийликни талаб этади. Бугунги кундаги профессионал бастакорлар дея, Рустам Абдуллаев, Мустафо Бафоев, Ойдин Абдуллаева, Алишер Икромов каби ўз ишининг усталарини айта оламан, холос. Очиғи, бастакорлик мактаби қулаётган бинога ўхшаб қолган. Шу сабаб ҳам ёш бастакорлар орасида фалончи фидоийлик билан ижод қиляпти, деёлмайман. Профессионал мусиқа қадрланмаяпти, чунки ёш бастакорлар санъатини ҳунармадчиликка алмашди. Мусиқа санъатининг ривожига ҳисса қўшиш ўрнига ҳунарманддек ижодини пуллаяпти. Аксарият ёшлар учун шифокор, ўқитувчи каби соҳалар обрўли касб бўлмай қолди. Улар нуфузни бой бўлиш билан белгилаб олишган. Қаерда кўпроқ пул топиш мумкин бўлса, ўзини ўша ёққа уряпти. Ваҳоланки, ҳамманинг ўзига яраша истеъдоди бор. “Мода”да орқасидан қувмай, касб танлашга жиддий ёндашиш керак. Токи “танлаган касбим ривожига ҳисса қўша оламанми?” “жамиятга фойдам тегадими?” каби саволларга жавоб топа олинг!
“Санъатга шоу-бизнеснинг “лойқа”лари аралашди”
Бугун классик мусиқани тингламай қўйишди, қулоқ енгил-елпи хиргойиларга ўрганиб қолди-да! Санъатни сувга қиёслайман. Шаффоф сув кишига фойда беради. Бироқ химикатга тўла лойқа сув эса зарардан бошқа нарса эмас. Санъатга шоу-бизнеснинг “лойқа”лари аралашиб, мухлислар онгини заҳарлаяпти. Улар қандай “сув” ичаётганини бир ўйлаб кўришса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки шоу-бизнес ҳақиқий бизнесга айланиб қолган. Унда санъат эмас, пул етакчилик қиляпти.
“Санъатда бундай “хонанда”лар нима қиляпти”
Хонандалар ғурурланиб, “хит” қўшиқ ёздим”, дейишади. Кечирасиз-у, яқин йилларда бирорта “хит” қўшиқ эшитганим йўқ. Уларнинг қўшиқлари шеъри кундалик сўзлашувдан олинган, мусиқаси ўғирланган, ижроси эса сариқ чақага арзимайди. Камига русийзабон хонандалар тил софлиги, шеърият семантикасини бузиб куйлашяпти. Уларнинг қилаётган ишини профессионал ижро, деб бўлмайди. Бемаза қовуннинг уруғидек кундан кунга кўпайишяпти, холос. Кўпчилигининг ҳатто мусиқий саводи ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам тор доираларда ном чиқариб юраверишади. Яқинда Муниса Ризаеванинг қўшиқларини эшитиб, асабийлашиб кетдим. Фикрлаш қобилияти, яхшигина овозга эга-ку, лекин беъмани қўшиқлар куйлайди. Унга тўғри йўналиш берадиган устоз керак. “Уммон” гуруҳи-чи, нима ҳақда куйлаётганини ўзи билармикан? “Мана ман, мана сан, энди нима қиламиз...” бу қандай қўшиқ?! Санъатда бундай “хонанда”лар нима қиляпти, тушунмайман.
“Машхур хонандалар халқаро танловларда ўзини намоён эта оладими?”
Ёшлар ҳақида гап кетганда талабаларим Сагдиана, Севара Назархон, Манзура Йўлдошева, Лола Аҳмедова, Дилноза Исмияминова, Юлдуз Турдиева, Мадина Мумтоз, Хулкар Абдуллаева, Диана Зиятдинова, раҳматли Лайло ҳақида тўхталишим мумкин. Буларнинг бари жуда истеъдодли, ўз устида ишлаб, маълум бир даражага эриша олган санъаткорлар. Айниқса аёл санъаткорларда шахсий ҳаёт кўпинча ижодини оқсашига олиб келади. Маласан, Сагдиана шахсий ҳаёти билан ўралашиб, анчагина фурсатларни бой берди. Ижодини қайта йўлга қўйиб олиши керак. Айни дамда Согдиана билан ҳамкорликда янги дастур устида ишлаяпмиз.
Талабаларим билан жуда фахрланаман. Улар орасида Согдиана, Хуршид Иноғомов (Матин), Айсель Балич, Диана Зиятдинова, Лилия Фатхулина, Бегзод Бахромов халқаро даражага чиқа олишди. Июнь ойида Матин Болгарияда ўтган Халқаро эстрада хонандалари кўрик танловида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Айниқса, Севара Назархон юқори натижаларга эришди, бундай истеъдод эгалари саноқли. Севара ўзбек эстрадасида янги йўналиш — “этно-жаз”да ижод қилиб, ўзини кўрсатган ягона хонанда. У қадимги қўшиқларни ўзбек миллий мусиқа асбоблари орқали замонавий талқинда ижро эта олди. 2002 йили Буюк Британияда дунё миқёсида танлов ўтказган. Унда Севара “Осиё ва Африка мамлакатларидаги энг яхши хонанда” номига сазовор бўлди. Шу ўринда Юлдуз Турдиеванинг ютуқларини ҳам эътироф этиш жоиз. 2009 йил Озарбойдондад ўтказилган “Халқаро муғом фестивали”да ғолиб бўлиб келди. Негадир Севара ва Юлдузнинг бу каби ютуқлари камдан кам тилга олинади. Аксинча, овози йўқ “хонанда”лар тилдан тушмай қолган. Масалан, номи чиққан машҳур хонандалар юқоридаги каби халқаро танловларда ўзини намоён эта олармикин? Тўғри, у истеъдодли ижодкор, актрисалик маҳорати кучли. Лекин унда хонандаликка даъвогарлик қиладиган даражада овози йўқ. Бу каби хонандалар бир кунлик умрга эга қўшиқлар куйлаш билан оввора. Эртанги авлод уларнинг бирорта қўшиғини мароқ билан тингламаслигига ишонаман. Бирорта қўшиқ 1992 йилларда Кумуш Раззоқова куйлаган “Ёмғир ёғди”, “Мен сени ҳеч кимга бермайман”, “Сиз ёққансиз менга ҳамиша”, “Саратоним кетди” каби қўшиқлардек машҳур бўла олганини эслолмайман. Бу қўшиқлар ҳеч қандай рекламасиз ўз тингловчисини топган. Мана ҳақиқий ижод!
“Хонандага бу ёзув уят эмасми?”
Ёшлигимда “До, ре, ми, фа, соль” номли мусиқий кўрсатув бўларди. У ерда профессионал ижод ҳақида сўз борарди, бахслар уюштириларди. Истагим, ҳозир ҳам шундай кўрсатувлар ташкил этилса. ТВда ташкил этилган жонли ижродаги “Олтин микрофон” кўрсатуви борлиги кишини ҳурсанд қилади. Жонли ижрода гап кетганда, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан ташкил этилган “Марди майдон” ва “Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик танловлари ҳақиқий ижодкорларни кашф этяпти. Аслини олганда кўпчилик хонандалар жонли ижрода қўшиқ куйлолмайди! Техниканинг ривожлангани ижодкорларни дангаса қилиб қўйди. Ҳатто тўйларда фонограммага оғзини қимирлатиб, пулини олиб кетяпти. Бу ғирромлик, одамларни алдаш эмасми? Концерт банерларига “фонограммадан фойдаланилади” деб ёзилади. Хонандага бу ёзув уят эмасми? Чет элда мухлислар фонограммада қўйилган концерт учун пул тўламайди.
“Фалончининг шогирдиман”, дейишади”
Шоу-бизнесдаги яна бир оқсоқлик, устоз-шогирдчилик анъаналари йўқ, унинг ўрнини бизнес эгаллади. Кўпчилик хонандалар “Фалончининг шогирдиман”, дейишади. Йўқ, “Фалончининг йўналишида қўшиқ куйлайман, унинг ижодидан тарбия олганман”, деса тўғри бўлади. Масалан, мен Бетховен, Шопен, Рахманин, Бах каби ижодкорларнинг асарларида тарбияланганман. Лекин “Бахнинг шогирдиман”, деёлмайман-ку! Овозни йўналтириб, қўшиқ куйлаш техникасини ўргатган одамгина устоз саналади.
“Профессионал ижодкор билан ҳаваскор битта саҳнада турибди”
Назаримда, бадиий кенгашларни қайта ташкил қилиш керак. Авваллари профессионал шоир, бастакор, хофизлар бадиий кенгаш аъзолари сифатида олдин қўшиқ шеъри, сўнг мусиқасини кўриб чиқишарди. Ундан кейингина хонанданинг жонли ижроси тингланарди. Хонандаларда “қўшиғим бадиий кенгашдан ўтармикан?” деган ҳадик бўларди. Рости, бугун мусиқий канални кўриб, фақат асабийлашаман. Профессионал ижодкор билан ҳаваскор битта саҳнада турибди. Бунга йўл қўйиш керак эмас! Бадиий кенгаш ташкил этиш орқали ҳақиқий истеъдодларни танлаб олиб, ёш авлодни профессонал мусиқа билан тарбия топишига ҳисса қўшишимиз шарт. Ахир шаҳар бедарвоза эмас-ку!
“Профессионал хонандаларни тарбиялаймиз”
Хориждаги бир қанча Консерваторияларда маҳорат мактабини ўтиб қайтдим. У ерда эстрада факултети йўқ, ҳатто бу йўналишда ишлай оладиган мутахассислар ҳам топилмас экан. Бизнинг Консерваторияда эса мусиқанинг барча соҳаларидаги таълим йўналишлари бор: классик, анъанавий, замонавий ижрочилик. Ўзбекистон Давлат Консерваториясида талабалар профессионал асарлар асосида ўқитилади. Эстрада хонандалиги кафедраси ҳар йили 4 та: “Ўзбек асарларининг энг яхши ижрочиси”, “Ғарбий Европа ва рус асарларининг энг яхши ижрочиси”, “Эстрада ва жаз вокализларининг энг яхши ижрочиси”, “Вокал ансамблидаги энг яхши ижро” танловлари ўтказилади. Мазкур кафедра халқаро ўқув стандартларига мос равишда кадрлар тайёрлайди. Бу талабалар бемалол дунё миқёсида ўз санъатини намойиш эта олади.
Ёш ижодкорларга тавсиям, ўзингизга талабчан бўлинг. Энг муҳими, касб танлаётганда хатога йўл қўймай, истеъдодингизни тўғри йўналтиринг. Бугунги кунингиз ўтишинигина эмас,эртангизни ҳам ўйланг. Ортга назар ташлаганингизда афсус-у аттанглар қуршовида қолманг. Хурмат билан Дилором Омонуллаева.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади





