Эквадорда олти нафар полиция ходими 2010 йил тартибсизликлар вақтида мамлакат президенти Рафаэл Корреага суиқасд қилганликлари учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “РИА новости” Notimex агентлигига таяниб хабар бермоқда.
Эквадор прокуратурасининг маълум қилишича, судланувчиларнинг айби 51 та гувоҳлик кўрсатмалари, 38 та ҳужжатли далиллар, шу қаторда видео ва аудио ёзувлар ёрдамида исботланган.
2010 йилнинг сентябрида юзлаб ҳарбийлар ва полициячилар Кито шаҳридаги бир нечта харбий база ва аэропортни эгаллаб олишганди. Улар ҳукуматнинг харбий хизматчилари маошига қўшимча ҳақ тўловини камайтириш ва улар сафини қисқартириш тўғрисида қабул қилинган қароридан норози бўлишган. Намойишчилар Корреага жароҳат етказишган ва президент жойлаштирилган шифохонани ўраб олишган. Прокурор Густаво Бенитеснинг маълум қилишича, айбланувчиларнинг барчаси ушбу шифохона атрофида тўпланиб, президентга ўқ узмоқчи бўлишган.





