Археолог олим Алексей Грицина раҳбарлигидаги илмий экспедиция томонидан Эски Ховос тепалигидан Ҳумо қуши тасвирланган шамдон тутқичи топилди. Бу ҳақда “Халқ Сўзи” газетаси хабар бермоқда.
— Буюк Ипак йўлида Эски Ховос қадимда карвонсарой вазифасини бажарган, — дейди Сирдарё вилояти ўлкашунослик музейи илмий тадқиқот маркази аъзоси, тарих фанлари номзоди, доцент Боймирза Ўроқов. — Ҳозиргача бу ердан ноёб, муҳим илмий аҳамиятга эга кўплаб тарихий-археологик ашёлар топилди. “Юнон девори” деб номланган иншоот қолдиқлари эса унинг жуда кўҳна манзиллар сирасидан эканлигини исботлайди.
Олимлар уни XI-XII асрларга тааллуқли, деб баҳолашмоқда. "Энг қувонарлиси, ушбу топилма — Ҳумо қуши қадимдан аждодларимизнинг эзгулик ва бахт рамзи бўлиб келганлигини тасдиқловчи тарихий далил эканлиги билан қимматлидир",-дейилади хабарда. Қолаверса, Термиз археология музейида ҳам шундай сурат муҳрланган яна бир қадимий идиш сақланмоқда.





