АсосийSport

Бабаян ойнинг энг яхши мураббийи деб тан олинди

Ўзбекистон Чемпионатининг июнь ва июль ойларидаги энг яхши мураббийи ва ўйинчисини аниқлаш бўйича журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномада «Пахтакор» бош менежери Самвел Бабаян ва «Қизилқум» ҳимоячиси Акмал Рустамов ғолиб чиқди. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистон чемпионатининг июнь ва июль ойларидаги энг яхши футболчиси ва мураббийини аниқлаш бўйича ОАВ ходимлари, журналистлар ўртасида ўтказилган сўровнома 1-5 август кунлари бўлиб ўтди. Сўровномада журналистлар Олий Лига ва Биринчи Лига клубларида фаолият олиб бораётган жами 7 нафар мураббий ва 15 нафар футболчини ғолибликка даъвогар сифатида кўрсатишди.

Мураббийлар ўртасидаги баҳсда Самвел Бабаян учинчи марта ғолиб чиқди. «Пахтакор» бош менежери бунгача март ва апрель ойларида ҳам тенгсиз деб топилганди. Май ойида энг яхши мураббий сифатида тан олинган «Локомотив» бош мураббийи Вадим Абрамов бу сафар иккинчи бўлди – Абрамов март ва апрель ойи сўровномаларида тўртинчи бўлганди. Энг яхши мураббийларнинг кучли бешлигидан, шунингдек, «Истиқлол» бош мураббийи Камол Жўнашев, «Қизилқум» бош мураббийи Юрий Лукин, шунингдек, «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ва «Орол» устози Неъматулла Қутибоев ўрин олди.

Футболчилар орасида «Қизилқум» ҳимоячиси Акмал Рустамов июнь ва июль ойларининг энг яхши футболчиси деб топилди. Кучли бешликдан, шунингдек, «Машъал» вакили Зоҳир Қўзибоев, «Шўртан» дарвозабони Элдор Тожибоев «НБУ-Осиё» футболчиси Анвар Абдуқодиров ва «Пахтакор» ярим ҳимоячиси Жамшид Искандеров ўрин олди. Маълумот учун, март ва май ойларида «Пахтакор» вакили Жамшид Искандеров, апрель ойида эса айнан шу жамоа ҳимоячиси Егор Кримец Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши ўйинчиси деб топилганди.

    Бошқа янгиликлар