ЮКОС нефт компаниясининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский 11 август куни бўлиб ўтадиган онасининг дафн маросимига ташриф буюрмайди.
Бу ҳақда собиқ миллиардернинг матбуот котиби берган маълумотига таяниб “РИА Новости” хабар бермоқда.
“Ходорковский Россияга келмайди. Чунки ҳеч ким унинг бўйнидан молиявий айбловларни олмаган”,-дейди матбуот котиби.
Михаил Ходорковский 1997-2004 йилларда “ЮКОС” нефт компаниясини раҳбари бўлган. 2003 йилда эса дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлган Ходорковский (15 млрд АҚШ доллар) ҳибсга олинган. 2005 йилда фирибгарлик ва бошқа бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди. “ЮКОС” компанияси эса банкротлиги ҳақида эълон қилди. 2010-2011 йилларда Михаил Ходорковский бошқа жиноятларда ҳам айбдор деб топилди.
2013 йил декабрда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин “Ходорковскийни авф этиш тўғрисида” қарор қабул қилди. 19 декабр куни Владимир Путин матбуот анжуманида Ходорковский авф этиш тўғрисида расмий илтимоснома ёзганини маълум қилганди. Бизнесмен расмий илтимосномада онасининг саломатлиги оғир эканлигини сабаб қилиб кўрсатгани қайд қилинган.
Forbes журнали унинг ҳозирги бойлигини таҳминан 100-250 миллион АҚШ долларига баҳоламоқда. Берлиндаги матбуот анжуманида Ходорковский унинг бойлиги яшаш учун етарлиги ва ишлашга мажбур бўлиб қолмаслиги маълум қилган. “Яшаш учун пул етади, аммо, мен футбол клубларини сотиб олмайман”,-деди Ходорковский.





