Республика Марказий банкида банк тизимининг 2014 йилнинг I ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ҳамда мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари ижроси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 16 июлдаги йиғилишида банк тизими олдига қўйилган долзарб вазифаларни амалга оширишга бағишланган кенгайтирилган Бошқарув мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий банк расмий сайти хабар бермоқда.
Унда бир қатор масалалар ва ҳисоботлар кўриб чиқилди. Хабарда ёзилишича, бугунги кунда юртимиз банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 24,6 фоизни ташкил этмоқда ва у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган талабдан 3 баробар кўпдир. 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, банкларнинг умумий капитали 6,6 трлн. сўмдан ошиб кетди.
Банк активлари 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоиз ўсиб, бугунги кунда 48,0 трлн. сўмга етди.
«Мoody’s» халқаро рейтинг агентлиги эса кетма-кет бешинчи йил Ўзбекистон банк тизимининг ривожланиш истиқболларини «барқарор» деб эълон қилмоқда.
Шунингдек, ҳозирги пайтда 12 млн. донадан кўпроқ пластик карточкалар муомалада бўлса, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган терминаллар сони эса 148 мингдан ортиқлиги маълум бўлди.





