АсосийJamiyat

“Евроцемент” Ўзбекистонда янги завод қуради

«Евроцемент груп» холдинги Ўзбекистонда йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган янги завод қуради, дея хабар беради Газета.уз.

«Евроцемент груп» холдинги «Оҳангаронцемент» корхонаси базасида «қуруқ» йўли билан цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод учун ускуналарни етказиб бериш, лойиҳалаш, монтаж қилиш ва ходимларни ўқитиш учун Хитойнинг China CAMC Engineering компанияси билан қиймати 128 миллион долларга тенг бўлган шартнома имзолади.

Янги технологик платформага ўтиш жараёнида «Оҳангаронцемент»даги амалда ишлаб турган линиялар тўхтаб қолмайди. Қайд этишларича, янги завод Ўзбекистондаги уй-жой ва инфратузилмаларни қуриш бўйича муҳим давлат лойиҳаларини юқори сифатли цемент маҳсулоти билан таъминлайди.

Янги завод 2016 йилга ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Сўнгги замонавий технологияларнинг жалб этилиши муносабати билан заводдаги ишлаб чиқариш самарадорлиги икки баробар, меҳнат унумдорлиги уч ярим баробар ўсиши, атроф-муҳитга салбий таъсирлар сезиларли камайиши кутилмоқда.

Тошкент вилоятидаги «Оҳангаронцемент» заводи 1961 йилда ташкил этилган бўлиб, катталиги бўйича мамлакатнинг иккинчи цемент ишлаб чиқарувчи корхонаси ҳисобланади. Заводнинг «ҳўл» йўл билан цемент ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,8 миллион тоннани ташкил этади. 2013 йилда завод ишлаб чиқариш ҳажмини 6 фоизга ошириб, 1,62 миллион тонна цемент ишлаб чиқарган.

Ўзбекистонда ҳозирги вақтда умумий йиллик ишлаб чиқариш қуввати 9 миллион тоннага яқин бўлган еттита цемент заводи ишлаб турибди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2013 йилда Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш 2012 йилга нисбатан 3,1 фоизга ўсиб, 6,99 миллион тоннани ташкил этган.

    Бошқа янгиликлар