“Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмол қилинаётган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар интизомини мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида” мавзусида матбуот анжуманини ўтказди. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго” Давлат акциядорлик компанияси расмий сайти хабар бермоқда.
Ушбу анжуман, электр энергиясининг ҳисобини юритишни такомиллаштириш, тўловлар интизомини мустаҳкамлаш, уларни ўз вақтида ва тўлиқ ундириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, истеъмолчиларга яратилган имкониятлар ва қулайликларга бағишланди.
Асосий эътибор электр энергияси тўловларини on-line режимида қабул қилиш ҳамда истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагич кўрсаткичларини SMS орқали компьютер дастурининг базасига киритиш ишларига қаратилди. Натижада, амалга оширилган тўловлар тўғрисида маълумотлар истеъмолчининг ҳисоб варағига хатосиз тўғри келиб тушиши тизими яратилди ва ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш даражаси ортди.
Бу борада ишлар Тошкент шаҳрида тизимли ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли тўловларининг 70,0 фоиздан ортиғи on-line режимида қабул қилинмоқда.
Бугунги кунда республика бўйича 1 миллион 822,3 минг маиший истеъмолчиларнинг мобиль телефон рақамлари “Электрҳисоб” дастурий комплексига бириктирилган бўлиб, бу барча маиший истеъмолчиларнинг 32,6 фоизини ташкил қилаётган бўлса, 2014 йил охиригача ушбу кўрсатгични 100 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида, аҳоли истеъмолчилари ўзлари томонидан амалга оширилган тўловлар ҳақида исталган вақтда маълумот олиш имкониятига эга бўладилар, яъни ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги таъминланади.





