Пойтахт аэропортида Тошкент авиация транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда «Терроризм – инсоният душмани» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳар қандай таҳдид у қайси кўринишда бўлмасин, мамлакат тинчлиги ва барқарорлиги, инсонлар маънавияти, соғлиги ва ҳаётига катта хавф туғдиришини алоҳида таъкидлашди.
Шу билан бирга жаҳон майдонига чиқаётган халқаро терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркобизнес каби хавфсизликка янги таҳдидлар ҳам юзага келаётгани, бу эса нафақат халқимизга, балки бутун инсоният учун мудҳиш бало-қазолар ва хавф-хатар келтириши мумкинлиги ҳам қайд этилди.
Тошкент авиация транспорт прокурори ўринбосари Ш.Мамажонов мамлакатимизда терроризм, диний экстремизм ва наркобизнесга, шунингдек, маънавий тубанлик ва ахлоқсизлик каби иллатларга асосланган «оммавий маданият», «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» ниқоби остида кириб келаётган замонавий таҳдидларга қарши самарали курашда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди. Айниқса, ёшлар онгига диний экстремизм, терроризм ғояларини сингдиришнинг олдини олиш жамиятнинг устувор вазифаси ҳисобланиши, бу борада 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганини айтиб ўтди.
Баҳс-мунозарага бой бўлган мазкур йиғилишда иштирокчилар лоқайдлик сари қўйилган биргина қадам ҳам инсонни маънавий ҳалокат томон олиб борувчи йўл эканлиги боис ҳар лаҳзада огоҳ бўлишимиз ва бундай ёвуз кучларга қарши собитқадамлик билан курашиш зарурлигини эътироф этдилар.





