АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ЭкоҲафталик-2014 старт олди

Ҳар йили Умумжаҳон атроф-муҳит кунини нишонлашга бағишланган ЭкоҲафталик доирасида бу йил республиканинг вазирлик ва давлат муассасалари, корхоналари, илм-фан ва санъат арбоблари, олий ўқув юртлари талабаларининг фаол иштирокида бир қатор қизиқарли тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси табиатни маҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг хабар беришича, ЭкоҲафталик 2 июн куни Тошкент шаҳрида бошланиб, Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятларини қамраб олади ва 8 июн куни пойтахтда кенг кўламли ёпилиш маросими билан якунланади.

Ҳозирги кундаги жамият бир қатор умумжаҳон ва минтақавий муаммолар, жумладан Орол денгизининг қуриб кетиши, биологик хилмахилликнинг камайиб кетиши, қумланиш, сув ва ер ресурсларининг таназзулга учраши, саноат ва бошқа турдаги чиқиндиларнинг катта ҳажмда ҳосил бўлиши каби муаммоларга дуч келмоқда. Ачинарлиси шуки, инсоннинг ўзи шу муаммоларнинг чигаллашишига сабаб бўлиб, ўзи улардан азият чекади.

Умумжаҳон атроф-муҳит кунининг нишонланиши ҳар кунлик ташвишлар билан банд бўлган жамоатчиликнинг эътиборини экология ва ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш масалаларига қаратишга мўлжалланган. Ҳар бир инсон атроф-муҳит муаммолирини ҳал қилишда ўзининг беқиёс ўрнини англаши, илҳомланиши ва шу мақсадда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Маълумки, инсоният мустаҳкам ва соғлом экологик муҳитдагина барқарор равишда ривожланиши мумкин. 

Экология соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, жамоатчилик кучларини экологик хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида ЭкоҲафталик ташкилотчилари, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Табиатни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси томонидан турли жамоатчилик гуриҳларига мўлжалланган бир қатор тадбирлар режалаштирилган.

Шундай қилиб, ЭкоҲафталик-2014 дастурида Тошкент шаҳрида “Инсон, жамият, экология” деб номланган ёшлар конференцияси, Наманган вилоятида экология соҳасидаги таълим бўйича семинар-тренинг, GMPowertainUzbekistan қўшма корхонасида медиа ва пресс-сафарлар, Жиззах вилоятида табиий ресурсларни тежаш технологияларни ҳаётга тадбиқ этувчи фермер хўжаликларига ташриф, ҳамда Тошкент, Қарши ва Нукус шаҳарларида илмий-амалий конференциялар, миллий радиоканалларда энергия жиҳатдан самарадор бўлган технологиялар борасида радио-викториналар ва ёшлар экологик акциялар, танловлар каби бир қатор тадбирлар ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.
Ҳафталикнинг тантанали очилиш маросими доирасида ташкиллаштириладиган кўргазма орқали тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда янгиланувчи энергия манбалари ва энергияни тежаш, чиқиндиларни тасарруф қилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида амалга оширилаётган экологик лойиҳалар томонидан эришилган ютуқлар билан танишиш ҳамда тадбирнинг асосий жабҳалари ҳақида маълумот олиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари эса ўзи қизиққан саволларга жавоб олиш имконига эга бўлади.

Айтиш жоизки, ҳар йили 5 июн куни бутун жаҳон бўйлаб нишонланадиган Умумжаҳон атроф-муҳит куни БМТнинг атроф-муҳит масалаларига бағишланган Стокголм конференцияси натижалари асосида 1972 йилда тасдиқланган қарорига биноан қабул этилган. Мазкур конференцияда илк бора ҳозирги ва кейинги авлодлар учун атроф-муҳитни қўриқлаш ва соғломлаштириш бутун инсониятнинг пировард вазифаси деб тан олинган.

    Бошқа янгиликлар