АсосийJamiyat

Наманган “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларини қабул қилишга деярли тайёр

Наманганда “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларига тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.

шбу нуфузли спорт анжуманининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларини юксак савияда, байрамона руҳда ташкил этиш, иштирокчи ва меҳмонларнинг бўш вақти мазмунли ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Ишлаб чиқилган махсус дастур асосида кўплаб кўнгилочар тадбирлар ташкил этилади, – дейди “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари маданий-маърифий тадбирларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Абдурашид Мадалиев ЎзА мухбирига. – Ўқувчи-ёшлар Наманганнинг диққатга сазовор жойлари, таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилади. Талабалар турар-жойларида “Баркамол авлод – келажак пойдевори”, “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” шиорлари остида маданий-маърифий тадбирлар – концертлар, фильмлар намойиши, ижодий учрашувлар, мушоиралар ташкил этилади.

Маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича тузилган гуруҳлар таркибига таниқли маданият ва санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, спортчилар ҳамда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари киритилган. Чортоқ, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Косонсой, Янгиқўрғон, Чуст, Поп, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманлари марказларидаги амфитеатрлар, стадионлар, маданият ва истироҳат боғларида концерт дастурлари ташкил этилади.

Дастурда вилоятнинг тарихий масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари, музей, театр ҳамда маданият ва истироҳат боғларига ёшларнинг ташрифларини уюштириш белгиланган. Бу борада вилоят ҳокимлигининг алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат ҳамда “Камолот” боғларида вилоятдаги “Ёр-ёр”, “Уйчи тароналари” фольклор-этнографик жамоалари, “Қалдирғоч”, “Наманган гуллари” ашула ва рақс ҳамда “Само” вокал-чолғу ансамбллари, “Истеъдод” гуруҳи вакилларининг концерт дастурлари намойиш этилади.

Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида ёшлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи саҳна асарлари намойиш этилади. Мусобақалар олдидан вилоятнинг барча туманларидаги чекка қишлоқлар ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар