Бугунги кунда пойтахтимизда 18 ёшгача бўлган бўлган ёшлар умумий аҳолининг тахминан 32 фоизини, 30 ёшгача бўлганлар эса 64 фоизини ташкил этади. Шу маънода аҳолимизнинг аксарият қисмини ташкил этадиган вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг аҳамияти беқиёсдир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни турар жойлар билан таъминлаш белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарорнинг изчил ижроси таъминланиб келинмоқда.
Жумладан, 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларида таълим олаётган меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси, 38 уйда жойлашган собиқ ётоқхона қайтадан таъмирланиб, ушбу тоифадаги болаларнинг 80 нафари уй-жой билан таъминланиши режалаштирилмоқда, дея хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Бундай ютуқларга эришишда албатта, манфаатдор ташкилотлар, давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўртасидаги ҳамкорлик асосий мезон бўлиб келмоқда.





