Жорий йилнинг 7 майидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инха университетига онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни бошланди.
Университетда ўқиш истагида бўлган абитуриентлар Тошкент шаҳридаги Инха университетининг www.inha.uz веб-сайти орқали электрон сўровномани тўлдиришлари мумкин.
Аввал хабар берганимиздек, абитуриентлар Тошкент шаҳридаги Инха университетининг Ахборот ва коммуникатсия инжиниринги ҳамда Компьютер фанлари ва инжиниринги факултетларидан бирига ҳужжат топширишлари мумкин.
Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриент томонидан ўзи ҳақидаги маълумотлар, хусусан, абитуриентнинг тўлиқ исм-шарифи, туғилган йили, ойи ва куни, фуқаролик паспорти тўғрисидаги маълумот, фотосурат, IELTS (Халқаро инглиз тили тест тизими) сертификати натижаси, таълим олган муассасаси номи ва манзили ва бошқа маълумотлар керак бўлади.
Шунингдек, абитуриентнинг таржимаи ҳоли (500 сўздан ошмаган), мазкур йўналишни танлашининг мақсади ва сабабларига бағишланган иншо (800 сўздан ошмаган), шунингдек абитуриентнинг ўзига хос қобилияти, истеъдоди тўғрисида ҳам 700 сўздан ошмаган маълумот киритилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, онлайн рўйхатдан ўтиш муддати 2014 йил 7 майдан 20 июнгача давом этади. Онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентлар ҳужжатларни Тошкент шаҳридаги Инха университетининг қабул комиссиясига жорий йил 6 июндан 20 июнга қадар тақдим этишлари зарур.





