Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тизимда амалга оширилаётган ишлар мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 2012 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши юртимиз умумтаълим мактабларида чет тили фанини ўқитиш тизимини тубдан ўзгартириб, соҳада кенг кўламли ислоҳотларни бошлаб юборди.
Халқаро экспертлар билан ҳамкорликда узлуксиз таълим тизими учун умумевропа талабларига (CEFR) асосланиб чет тилларидан янги давлат таълим стандартлари ва бошланғич синфларда (1-4 синф) ҳафтасига икки соат чет тилини ўқитишни назарда тутган янги ўқув режаси ишлаб чиқилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 майдаги 124-сонли қарори билан тасдиқланди.
2013-2014 ўқув йилидан бошлаб юртимизнинг барча умумтаълим мактабларининг 1-синфларида чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилди. Жумладан, 533 845 нафар биринчи синф ўқувчилари, шундан 502 432 нафари (94,1%) инглиз тили, 12 657 нафари (2,4%) француз тили, 18 756 нафари (3,5%) немис тили фанини ўрганишмоқда.
Ўтган ўқув йилида 144 соатлик малака ошириш курси ташкил этилиб, уларда республиканинг барча ҳудудларидан саралаб олинган 243 нафар чет тили тренер ўқитувчилар тайёрланиб, улар ёрдамида жами 25 310 нафар чет тили ўқитувчилари малака оширди.
Чет тили ўқитувчиларини янгидан яратилаётган 2-синф дарслик мажмуасидан фойдаланишига қаратилган 36 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилаяпти.
2014-2015 ўқув йилида республика бўйича жами 26 344 нафар чет тили ўқитувчилар фаолият юритади. Уларнинг 20 365 нафари инглиз тили, 3506 нафари немис тили, 2345 нафари француз тили, 128 нафари бошқа тил ўқитувчилари ҳисобланади. Биргина 2013-2014 ўқув йилида 1464 нафар олий маълумотли ёш педагоглар умумтаълим мактабларига чет тили фани ўқитувчиси сифатида қабул қилинди.
Жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларининг чет тили йўналишига 262 нафар фуқаро қўшимча равишда тўлов контракт асосида имтиёзли талабаликка қабул қилинди.
Инглиз тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларига билим даражаси энг камида В1 даражадаги талаблар асосида тингловчилар қабул қилиниши йўлга қўйилди. Жумладан, ариза берган ўқитувчилардан 321 нафари қайта тайёрлаш курсидан ўтиш имкониятини қўлга киритди.
Чет тили ўқитувчиларининг ойлик тариф ставкаларига қишлоқ жойлардаги таълим муассасалари ўқитувчиларига 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларидаги чет тили ўқитувчиларига 15 фоиз миқдорида қўшимчалар тўлаш белгиланди.
Чет тиллари кабинетларини замонавий ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлари билан жиҳозлашни (қўшимча жиҳозлашни) жадаллаштириш Дастури доираси шу кунга қадар 2457 та бошланғич синфлар жиҳозланган бўлса, 2016 йилга келиб тўлиқ жиҳозланган хоналар сони 17 222 тага етказиш режалаштирилган. Ўтган ўқув йилнинг ўзида 17 222 та синфлар ўқув адабиётлар, луғатлар ва DVD магнитолалар билан жиҳозланди.
Жойларда таълим муассасаларининг чет тиллари кабинетлари учун етказиб берилган ахборот-коммуникация, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомларини ишлатиш, улардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.
Умумтаълим мактабларининг 1-синфлари учун яратилган 537 786 нусха чет тили дарслик мажмуасига қўшимча равишда ўқитувчилар ва ота-оналар учун ўзбек тилида 446 084 нусха ҳамда рус тилида 59 974 нусха қўлланма чоп этилиб, 2 сентябрь куни барча 1-синф ўқувчиларига фойдаланиш учун “Президент совғаси” сифатида тақдим этилди. Шунингдек, 2014-2015 ўқув йили учун 2-синф ўқувчилари учун 588 957 та ҳамда уларга дарс берадиган чет тили ўқитувчилари учун инглиз, немис ва француз тили дарслик мажмуалари чоп этилади ва фойдаланиш учун бепул тақдим этилади.
Шу ўринда айтиш керакки, 2014 йилнинг 13 январидан 20 мартига қадар 2-синфлар учун чет тилларидан яратилган дарслик мажмуалари инглиз тилидан 80 та, немис тилидан 28 та ва француз тилидан 28 та таянч мактабларда тажриба-синовдан ўтказилди. Инглиз тили дарслик мажмуалари Буюк Британиялик эксперт Венди Арнолд хоним томонидан такомиллаштирилди.
Қайд этиш лозимки, 2-синф ўқувчилари учун “Kids’ English-2” дарслик мажмуаси тажриба-синовлари 2013 йилда “Kids’ English-1” дарслик мажмуаси тажриба-синовдан ўтказган экспериментатор-ўқитувчилар томонидан ўтказилди. Ушбу экспериментатор-ўқитувчилар мазкур мажмуалардан фойдаланган ҳолда 2-синфларда ўқувчиларга ҳафтасига икки соатдан, амалдаги дарсларга қўшимча равишда чет тилларидан дарс ўтишди. Тажриба-синов ҳамда амалиёт натижалари, экспериментатор ҳамда амалиётчи ўқитувчилар фикрларини инобатга олган ҳолда хорижий экспертлар, тилшунослар ёрдамида чет тиллари бўйича 1-,2-синфлар учун дарслик мажмуаларини (ўқувчи китоби, ўқитувчилар учун методик қўлланма, мультимедиа иловалари) такомиллаштирилмоқда.
Чет тили бўйича таянч мактабларда олий таълим муассасалари, малака ошириш институтларининг тажрибали чет тили мутахассислари, тренер-ўқитувчилар иштирокида “Маҳорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳар бир туман(шаҳар)да битта умумтаълим мактаби базасида тажриба-синов сифатида чет тилларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида чет тилларни ўргатиш йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, чет тилларни мактабдан ташқари вақтда ўқитишни йўлга қўйиш мақсадида умумтаълим мактабларида ва “Баркамол авлод” болалар марказларида 2-4-синфлар учун чет (инглиз, немис ва француз) тиллари бўйича тўгарак машғулотларини ташкил этиш юзасидан методик тавсия ишлаб чиқилди ва 2013-2014-ўқув йилидан бошлаб 2-3-4-синфларда ҳафтасига 2 соатдан чет тили тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.
Чет тилидан Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурларининг ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши, ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ҳамда болалардаги психологик ҳолатини таҳлил қилиб бориш мақсадида доимий мониторинги олиб борилмоқда.
Чет тиллари ўқитилишини такомиллаштиришга қаратилган қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг педагогик жамоага етказиш, жойларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш, шунингдек, чет тили ўқитувчиларига амалий методик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган “Видео-методик-хизмат” йўлга қўйилди.





