АсосийJamiyat

"Иегов гувоҳлари" диний ташкилоти вакиллари Дин ишлари қўмитасига ташриф буюришди

Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмитага "Иегов гувоҳлари" диний ташкилотининг Европа Уюшмаси вакиллари Лука Тоффоли ва Лоренцо Трапанезелар ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов қабул қилди.

О.Юсупов меҳмонларни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, улар билан ўтган учрашувдан сўнгги ҳолат юзасидан мулоқот қилди, бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, Л.Тоффоли ўзининг Ўзбекистонга бугунги ташрифи якуний ташриф бўлаётганлиги, бундан кейин Республикадаги диний ташкилот масалалари билан янги тайинланган масъул шахс -  Л.Трапанезе шуғулланишини маълум қилди.

О.Юсупов Л.Тоффоли билан бўлган мулоқот самарали бўлиб келганлиги сабабли, жаноб Л.Трапанезе билан ҳам ўзаро муносабатлар шу руҳда сақланиб қолишига ишонч билдирди.
Айни пайтда, О.Юсупов "Иегов гувоҳлари" диний ташкилоти марказий органининг интернет сайтида жойлаштирилган Ўзбекистонга тааллуқли бўлган маълумот билан танишганлиги, ҳақиқатдан ҳам сўнгги икки йил давомида диний ташкилот фаолиятида ижобий ўзгаришларга эришилганлигини билдирди.

О.Юсупов Республикамизда диний ташкилотнинг катта ёки кичик эканлигига қарамай, улардан ҳамда барча диндорлардан амалдаги қонунларга тўлиқ риоя қилишлик талаб қилиниши сабабли, диндорлар билан "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун нормалари борасида кўпроқ тушунтириш ишлари олиб боришлик зарурлигини билдирди.

Жумладан, бугунги кунда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган ноисломий диний ташкилотлар раҳбарлари билан мазкур йўналишда учрашув ва семинарлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Л.Тоффоли ҳам ўзаро мулоқотлар ҳақиқатдан ҳам ижобий бўлаётганлигини таъкидлаган ҳолда, ўзи вакил ҳисобланган Европа Ассоциациясининг Ўзбекистон тўғрисидаги фикрини ижобий беришга харакат қилаётганлигини айтиб ўтди. Жумладан, юқорида қайд этиб ўтилган интернет-сайтдаги маълумот ассоциациянинг ўз мустақил фикрга эга эканлигининг маҳсули бўлганлигини билдирди. Лекин, бу йўналишда бугунги кунгача ягона ҳал этилмаган нарса - у ҳам бўлса, диний ташкилотнинг Тошкент ва бошқа йирик шаҳарларда рўйхатдан ўтмаётганлиги уларнинг ҳаракатларига тўсиқ бўлаётганлигини билдирди.

О.Юсупов Республиткамизда диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтишида вақт бўйича ҳам, сон бўйича ҳам ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмаслигини айтиб, энг асосий масала - бу мазкур диний ташкилот томонидан қонун бузилишларига йўл қўйилмаслиги қатъий талаб қилинишида эканлигини билдирди. Фақат шу шароитдагина "Иегов гувоҳлари" диний ташкилоти ҳам давлат рўйхатидан ўтиши мумкинлиги таъкидланди.

Л.Тоффоли қабул учун миннатдорчилик билдириб, Дин ишлари бўйича қўмитанинг кейинги фаолиятига муваффатқият тилаб қолди.

 

    Бошқа янгиликлар