100 дан ортиқ қозоғистонлик фуқаро интернет орқали ҳибсга олинди, деб хабар берди Тengrinews.kz нашри.
Қозоғистон республикаси Бош прокуратурасининг ёрдамида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунинг учун мамлакат Бош прокуратураси топшириғига биноан Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитаси томонидан электрон жиноий иш модули ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 11 август куни Қозоғистон бош прокурори, Олий суд ва Давлат хизмати ҳамда коррупцияга қарши курашиш ишлари бўйича агентлик раиси, молия ва ички ишлар вазири томонидан “Е-жиноий иш синов лойиҳасини татбиқ этиш ва идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги қўшма буйруғи имзоланди.
Жорий йилнинг 25 августидан бошлаб, Остонанинг Олмаота тумани ИИБда “Е-ЖИ” номли синов лойиҳаси ишга тушди. "Ўтган вақт давомида электрон жиноий иш бўйича судга 192 та иш ва 208 та санкция юборилди. Буларнинг бари электрон шаклда амалга оширилди. “Е-ЖИ” лойиҳаси доирасида “Онлайн” видео конференцалоқа ёрдамида қамоққа олиш тўғрисида санкция бериш имконияти яратилди. Санкция бериш жараёни қўлга олинган шахсларни судга олиб келмасдан амалга оширилмоқда. Қамоққа олиш тўғрисидаги 100 дан ортиқ санкция видео конференцалоқа ёрдамида берилди", - дея таъкидлади матбуот хизмати. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, мамлакатда электрон шаклда жиноий иш юритишни жорий этиш кўзда тутилди.






