28-29 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси-маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа-форуми доирасида Ўзбекистон Ҳукумати вакилларига "Катта Лангар Қуръони"нинг факсимиле қўлёзмаси ҳам топширилади.
Ушбу қўлёзма Қуръони Каримнинг бизгача етиб келган энг қадимий ва бебаҳо нусхаларидан саналади. Қўлёзма VIII аср охирларида пергаментга куфий-ҳижозий хатида битилган. Нева дарёсининг соҳилида, Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида ана шу муқаддас китобнинг бизга етиб келган энг катта қисми – 81 саҳифаси сақланади. Бутун дунёга машҳур Усмон Қуръонининг нодир нусхаларидан бири саналган бу қўлёзма РАФ Шарқ қўлёзмалари институтига Қашқадарё вилоятининг Қамаши тумани Катта Лангар қишлоғидан бориб қолган. Бу китобнинг яна 16 саҳифаси Ўзбекистонда – Катта Лангар қишлоғида, Тошкент ва Бухорода сақланади. 







