АсосийJamiyat

​ЎЗБЕКИСТОНДА СЎНГГИ ИККИ ОЙДА АҲОЛИНИНГ 565 МЛН. АҚШ ДОЛЛАР МИҚДОРИДАГИ МАБЛАҒЛАРИ СОТИБ ОЛИНДИ

'​ЎЗБЕКИСТОНДА СЎНГГИ ИККИ ОЙДА АҲОЛИНИНГ 565 МЛН. АҚШ ДОЛЛАР МИҚДОРИДАГИ МАБЛАҒЛАРИ СОТИБ ОЛИНДИ'ning rasmi

Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг “Валюта либераллашуви: Дастлабки натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзуида бўлиб ўтган бугунги сессиясида маълум қилинди.

Халқаро Пресс-клубнинг мазкур мавзудаги сессияси спикерлари томонидан маълум қилинишича, давлат раҳбарининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида сентябрь ойидан бошлаб валюта курсини шакллантиришнинг бозор механизмини жорий этиш орқали ички валюта бозорини либераллаштиришга киришилган.

Сессия спикерларининг таъкидлашича, иқтисодиётдаги мавжуд шароитлар ҳамда либераллаштириш жараёнидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, тайёрлов босқичида қуйидаги жиҳатларга алоҳида диққат берилди:

Биринчидан, инфляцион босимни пасайтириш ва валюта бозорида спекулятив талабнинг ўсиш эҳтимолини бартараф этиш чоралари кўрилди. Мазкур мақсадга қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, яъни қайта молиялаш ставкасини 9% дан 14% гача ошириш орқали эришилди.

Иккинчидан, банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги чоралар амалга оширилди:

- банкларнинг устав капиталлари давлат қуйилмалари ҳисобига (670 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий валютада) кўпайтирилди. Натижада банк тизимининг ялпи капитали 40% дан ортиқ ўсди;

- Марказий банкнинг тижорат банкларини ликвидлик билан таъминлаш механизмлари фаоллаштирилди;

- курс сиёсатининг янги шароитларига бардошлигини аниқлаш мақсадида банклар стресс-тестдан ўтказилди, банкларни пруденциал назорат қилиш чоралари кучайтирилди;

- йил якунига 20 фоиз даражасигача етказиш шарти билан бир лаҳзали ликвидлик коэффициенти бўйича минимал талаблар жорий этилди.

Учинчидан, йирик ва стратегик корхоналарнинг молиявий ҳолати ва хорижий валютадаги мавжуд қарздорликлари ҳисобга олиниб, иқтисодиётнинг базавий тармоқларига ажратилган кредитлар реструктуризация қилинди ҳамда алоҳида корхоналарга, уларнинг молиявий ҳолатига миллий валюта девальвациясининг салбий таъсирини бартараф этиш учун солиқ имтиёзлари берилди.

Тўртинчидан, ҳукуматнинг манзилли чораларидан келиб чиқиб, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Бешинчидан, ички бозорни ижтимоий зарур товарлар билан тўлдириш, товарлар импортида божхона ва бошқа тўловлар ҳисобига нархларнинг кескин ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт ставкалари қайта кўриб чиқилди.

Шунингдек, миллий валютага нисбатан ишончни мустаҳкамлаш учун ички бозорда барча ҳисоб-китоб ва тўловлар фақат сўмда амалга оширилиши бўйича меъёрлар ўрнатилди.

    Бошқа янгиликлар