АсосийJamiyat

МАШҲУР КОСМОНАВТ ВЛАДИМИР ЖОНИБЕКОВ ИШТИРОКИДА ПРЕСС-ҚАҲВА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

'МАШҲУР КОСМОНАВТ ВЛАДИМИР ЖОНИБЕКОВ ИШТИРОКИДА ПРЕСС-ҚАҲВА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ'ning rasmi

МАШҲУР КОСМОНАВТ ВЛАДИМИР ЖОНИБЕКОВ ИШТИРОКИДА ПРЕСС-ҚАҲВА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилиши юртдошимиз, машҳур космонавт Владимир Жонибеков иштирокида пресс-қаҳва шаклида бўлиб ўтди.

Маълумки, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган ватандошимиз беш марта коинотга парвоз қилган. Энг узоқ – бешинчи парвози давомида «Союз Т-13» кемаси капитани сифатида «Салют-7» орбитал станцияси устидан назоратни тиклаш учун юборилган ва 115 сутка мобайнида очиқ фазода бўлган. У, шунингдек, Мўғулистон қаҳрамони, Франциянинг Фахрий легион ордени командори ҳисобланади. Мамлакатимизнинг Космонавтлар шоҳ кўчасида унинг бюсти ўрнатилган, Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги мактаблардан бирига Владимир Жонибеков номи берилган. У Чирчиқ ва Ғазалкент шаҳарларининг фахрий фуқароси ҳамдир.

Владимир Александрович 6 ноябрь куни ўзбек халқининг атоқли фарзанди Шароф Рашидов ҳайкалининг очилиш маросимида иштирок этди, шу куни Чорвоқда яшайдиган отаси Александр Архиповични 100 йиллик юбилейи билан табриклади.

Журналистлар билан суҳбатда Владимир Жонибеков Шароф Рашидов билан учрашувларини яна бир бор самимият билан хотирлади, унинг қизиқувчанлигини, коинот соҳасидаги илмий изланишларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига татбиқ этишга ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлади.

Владимир Жонибеков иштирокида ўтказилган тажриба ҳақидаги ҳикоя йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Коинотга қилган парвозларидан бирида космонавт вазнсизлик ҳолатида пахта униш ё унмаслигини текшириш учун 20 дона уруғ олиб кетади. Орбитал станцияда атиги 5-7 даража илиқ бўлишига қарамай, чигитлар ниш уриб чиқади.

Косманавтнинг хотирлашича, ой тупроғидан намуна олиш учун Тошкент конструктор бюроси ходимлари томонидан тайёрланган махсус парма Шароф Рашидовнинг ифтихорига айланган. Бу Ўзбекистонда муҳандислик тафаккури юксак даражада ривожланганидан далолат беради. В.Жонибеков иштирокида, у коинотда эканида Ўзбекистондаги ер ости сувлари харитаси тузилган.

Учрашувга хотима ясар экан, таниқли космонавт Владимир Жонибеков Ўзбекистонга ҳар йили бир неча бор келишини қайд этиб, юртимиз тобора чирой очиб бораётгани унга алоҳида мамнуният бағишлашини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар