Мутахассислар фикрига кўра, Бойсун гиёҳлар манбаига бой ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда “Омонхона”, “Хўжамайхона” каби даволаниш масканларидан ташқари туманнинг тоғ, адирликлар, сой қирғоқларида ёввойи ҳолда юзлаб турдаги шифобахш ўсимлик ва мевалар ўсиб, етилади. Туман 371 минг 829 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, унинг 22 183 гектари экин ерлари ҳисобланади. Айни шу сабабларга кўра, Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги ПФ-5032-сонли фармойиши билан мазкур туманда “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу йўналишда Сурхондарё вилояти Бойсун тумани, “Сайроб” ширкат хўжалиги “Хўжабулғон” участкасидан “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш мақсадида 39 гектар ер майдони ажратилди. Туманни фармацевтика саноати марказига айлантириш, хорижий инвестициялар жалб этиш, янги иш ўринларини ташкил қилиш мақсадида 15 хил тиббиёт буюмлар ва дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар ташкиллаштириш бўйича 44,2 млн. АҚШ доллари қийматидаги лойиха сметаси ишлаб чиқилган.
Фармон асосида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган бўлиб, ушбу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, хом-ашё ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда ушбу техник воситалар божхона тўловларидан озод этилиши назарда тутилган. Мазкур фармоннинг 19-банди ижроси юзасидан “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида божхона пости ва божхона омборлари фаолиятини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати маълумотларига кўра, ушбу Фармон ижросини тўлиқ таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган ишлар, янги ташкил этилаётган эркин иқтисодий зонада учраётган муаммо ва таклифларни ўрганиш, улар юзасидан асосли таклифлар киритиш юзасидан, шунингдек “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зона вакиллари томонидан ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига мурожаат бўлганда, божхона назорати ва расмийлаштирувини белгиланган тартибда тезкорлик билан амалга ошириш учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг масъул ходимлари белгиланган.
Айтиш керакки, ушбу масалаларда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг (0376)225-05-87 ёки мазкур масалаларга бевосита маъсул ходимларнинг (0376)225-24-51 ёки 0595-502-30-16 телефон рақамларига мурожаатлар қабул қилинмоқда.
Олдинда бажариладиган ишлар талайгина бўлсада, асосийси мақсад сари илк қадамлар қўйилди. Ўйлаймизки, яқин келажакда “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси плантацияларида етиштирилган шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дори-дармонлар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” савдо белгиси остида мамлакатимиз дорихоналарининг пештахталарини тўлдириб туради.






